Спорт | 16:40 / 18.09.2025
8286
3 дақиқада ўқилади

Испания Исроил туфайли ЖЧ-2026’ни бойкот қилиши мумкин

Испания ҳукумати вакиллари Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар тўхтамагунча, Исроил Россия билан бир қаторда халқаро спорт мусобақаларидан четлаштирилиши кераклигини айтмоқда.

Фото: Marca

Испания ҳукумати, агар Исроил мундиалга йўл оладиган бўлса, футбол бўйича мамлакат миллий жамоасини 2026 йилги жаҳон чемпионатидан олиб қолиш масаласини кўриб чиқиши мумкин. Бу ҳақда Испания социалистик ишчи партияси вакили, конгресс аъзоси Пачи Лопесга асосланиб Marca хабар берган.

Лопес Исроил жамоалари мусобақалардан четлатилиши кераклигини қайд этган.

Бундан олдинроқ Испания бош вазири Педро Санчес ҳам Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар тўхтамагунча, Исроил Россия билан бир қаторда халқаро спорт мусобақаларидан четлаштирилиши кераклигини айтганди. У яҳудий давлатини спортдан «ўз агрессиясини оқлаш» учун фойдаланишда айблаган.

Бу баёнот Исроилнинг Israel Premier Tech жамоаси иштирок этгани сабабли фаластинпараст фаоллар Мадриддаги «Вуэлта» велопойгасининг финал босқичи ўтказилишига тўсқинлик қилиши ортидан берилди. Воқеа давомида полиция билан тўқнашувлар содир бўлган, икки киши ҳибсга олинган ва 22 киши жароҳатланган.

Лопес «Вуэлта» велопойгаси чоғида Фаластинни қўллаб акция ўтказган аҳоли ўз қадр-қимматини намойиш этгани ҳақида гапирган.

Ҳукуматнинг расмий вакили Пилар Алегрия ҳам бу ҳақда фикр билдириб, шундай деган: «Спорт – воқеликдан узилган орол эмас. Айниқса, инсон ҳуқуқларининг оммавий бузилиши шароитида спорт ҳам бир четда қараб тура олмайди».

Маълумот учун, 2026 йилги жаҳон чемпионатига АҚШ, Канада ва Мексика давлатлари мезбонлик қилиб, турнир 11 июнда бошланади ва 19 июлга қадар давом этади.

Ҳозирча Испания ҳам, Исроил ҳам мундиал йўлланмасини ҳал қилмаган. Европадаги саралаш босқичи доирасида E гуруҳида иштирок этаётган Испания икки ўйинда икки ғалабага эришиб, гуруҳда пешқадамлик қилмоқда. Гуруҳда яна 4 ўйин ўтказилади.

Исроил эса I гуруҳида иштирок этмоқда ва ўтган беш турда уч ғалабага эришган ва икки ўйинда мағлуб бўлиб, 9 очко билан учинчи ўринда бормоқда. Жамоанинг саралаш доирасида гуруҳ пешқадамлари Норвегия ва Италияга, шунингдек, аутсайдер Молдовага қарши ўйинлари қолган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид