Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нимани ўйласангиз, шунга яқинлашасиз: фикрлар магнит кучига эга
Психология ва нейрофанлар шуни кўрсатадики, одам ўз ҳаётидаги кўп нарсаларни ўй-хаёллари орқали шакллантиради. Агар инсон доим салбий томонга эътибор қаратса, атроф-муҳит ҳам унга ўша энергияни қайтаради. Аксинча, меҳр, яхшилик ва миннатдорлик билан яшаган одамнинг ҳаётида ижобий воқеалар ва имкониятлар кўпаяди.
Фото: Getty images
Инсон мияси ҳар куни 60 мингдан ортиқ фикр ишлаб чиқаради. Ҳар бир фикр нейронлар ўртасидаги электр сигналлар ҳисобланади. Уларнинг фаолияти натижасида допамин, серотонин, кортизол каби моддалар ажралади. Мазкур моддалар эса бизнинг кайфиятимиз, хатти-ҳаракатимизни белгилайди.
Ҳар бир ўй ва тасаввур аслида маълум бир тебраниш частотасига эга бўлган энергия шаклидир. Шу сабабли биз қандай фикрласак, атрофимизга ўша фикрга мос воқеалар ва одамларни жалб қиламиз.
Ижобий фикрлар нималар беради?
- Хурсандчилик: яхши фикрлар кайфиятни кўтаради, серотонин ва допамин каби “бахт гормонлари”ни фаоллаштиради.
- Шукроналик: миннатдорлик ҳисси ички тинчликни беради, стрессни камайтиради ва иммунитетни мустаҳкамлайди.
- Ишонч: ижобий қараш инсонда куч ва қатъият уйғотади, мақсадларга эришиш осонроқ бўлади.
Салбий фикрлар қандай таъсир қилади?
- Қўрқув: тез-тез хавотирланиш асаб тизимини заифлаштиради, юрак ва уйқу муаммоларига сабаб бўлади.
- Ғазаб: жаҳл организмда стресс гормони – кортизолни ортиқча ишлаб чиқаради, бу эса соғлиқни емиради.
- Ҳасад: доимий қиёслаш ва норозилик руҳий тушкунликка олиб келади, инсонни ўз имкониятларидан четлаштиради.
Қандай қилиб ижобий фикрлашни кучайтириш мумкин?
Ижобий фикрлаш инсон онгининг энг катта қуролларидан бири. Мия доимий равишда тўлқинлар чиқаради ва улар магнит сингари ишлайди: қандай фикр таратсак, худди шундай кайфият ва воқеалар бизга қайтади. Демак, бугунги ўй-хаёлларимиз эртанги кунимизга таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Шу боис онгни ижобий энергия билан тўлдириш одатга айланиши керак.
Бунинг энг самарали йўлларидан бири — кундалик шукроналик. Ҳар куни ҳеч бўлмаганда учта нарсани ёзиб чиқиш, улар учун миннатдор эканини эслаш инсон кайфиятини кўтаради ва ҳаётга бошқача қарашни ўргатади. Оддий мисол: бугун яқин инсонингизнинг самимий сўзи, кичик бир муваффақият ёки эрталабки чойнинг илиқлиги учун миннатдорчилик билдириш ҳам ижобий энергияни кучайтиради.
Салбий фикрларни тўхтатиш ҳам муҳим. Онгимизда “мен уддалай олмайман” каби ўй пайдо бўлса, дарҳол уни фойдали алтернативага алмаштириш керак. Масалан, “бу қийин” ўрнига “мен кичик қадамлар билан бошлай оламан” дейиш онгни енгиллаштиради ва ишончни кучайтиради. Шунчаки тўхташ, фикрни кузатиш ва ўзгартириш — руҳий ҳолатни бошқаришнинг содда, аммо кучли усули.
Атрофдагилар ҳам фикрларимизга бевосита таъсир қилади. Доимий салбий гаплар ва шикоятлар одамнинг энергиясини сўриб олади, аксинча, ижобий қарашли инсонлар руҳий ҳолатни кўтаради. Шунинг учун имкон қадар ҳаётимизни қўллаб-қувватлайдиган, мотивация берадиган инсонлар билан кўпроқ мулоқот қилиш керак.
Медитация ва нафас машқлари эса онгни тинчлантиради ва фикрлар оқимини тартибга солади. Кунига атиги бир неча дақиқа чуқур ва онгли нафас олиш стрессни камайтиради, диққатни жамлайди ва ички сокинлик беради. Шунингдек, бу машқлар мияга янги, ижобий энергия кириб келишига йўл очади.
Ижобий фикрлаш — туғма қобилият эмас, ўрганиладиган кўникма. Шукроналик, салбий фикрларни бошқариш, ижобий муҳит ва медитация орқали ҳар бир инсон ўз онгини ўзгартириши мумкин.
Мавзуга оид
10:38 / 10.11.2025
Оиладаги тинчлик фақат муҳаббатдан эмас — ҳар ёшнинг ўз психологияси бор
19:27 / 25.10.2025
Куз келди, лекин ҳис қилинмаяпти. Бу — хавотирланиш учун сабабми?
10:58 / 23.10.2025
Эркаклар тушунмайдиган ҳолат — аёллар кайфияти нега тез ўзгарувчан?
16:35 / 10.10.2025