Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“1FIT” компанияси реклама қонунчилигини бузгани учун жазоланди
Рақобат қўмитаси “1FIT” МЧЖ ижтимоий тармоқларда жойлаштирган рекламаларида қонунчилик талабларини бузганини аниқлади. Махсус комиссия компания рекламаларида бўрттирувчи маъно ифодалаган деб топган. Қўмитанинг Kun.uz’га билдиришича, “1FIT” “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасини бузган, яъни номақбул рекламага йўл қўйган.
“1FIT” МЧЖ томонидан ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган рекламаларда бўрттирувчи маъно ифодаланганлик ҳолатлари аниқланди, дея хабар бермоқда рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.
“Қўмита Махсус комиссияси томонидан “1FIT” МЧЖга нисбатан “Реклама тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилиши аломатлари билан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан молиявий жарима қўллаш хақида қарор қабул қилинди”, - дейилади расмий хабарда.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма берилган.
Расмий хабарда махсус комиссиянинг ушбу қароридан норози бўлган томон қўмитанинг апелляция кенгашига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги эслатилган.
Рақобат қўмитаси матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, компания “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасини бузган деб топилган. Қонуннинг ушбу моддасида номақбул рекламага йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Шунингдек, қонунда нотўғри, ахлоқсиз, яширин реклама, шунингдек ушбу қонун талабларига мос келмайдиган бошқа реклама номақбул реклама деб баҳоланиши назарда тутилган. “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 47-моддасига мувофиқ, номақбул реклама берганлик, аксилрекламани беришни рад этганлик базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган. Бу миқдор бугунги кунда 28 млн 840 минг сўмни ташкил қилади,
Аввалроқ, Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги бекатлардан бирида ўрнатилган “60 ёшда ҳам автобус кутиб ишга боришни истамасангиз, фарзандингизга тил ўргатинг” мазмунидаги реклама эътирозларга сабаб бўлгани маълум қилинганди. Рақобат қўмитасининг аралашуви билан, бу рекламалар барча бекатлардан олиб ташланди. Қонунга кўра, рекламада ижтимоий мавқега қараб камситиш тақиқланган.
Мавзуга оид
10:55 / 13.11.2025
Тошкент шаҳри ва вилоятида атмосферага зарар етказаётган 100 дан ортиқ хўжалик фаолияти тўхтатилди
14:47 / 10.11.2025
Марказий банк 18 та банкни 102 млн сўмдан жаримага тортди
11:32 / 03.11.2025
Пиротехника бўйича давлат назорати ва жарималар оширилади
22:54 / 02.11.2025