Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кроссворд ва ақлий ўйинлар деменциянинг олдини олиши мумкинми?
Деменция бу – хотиранинг қисман йўқолиши ва ақлий қобилиятнинг пасайишига олиб келадиган касаллик. Олимларнинг фикрича, кроссворд ечиш, китоб ёки газета ўқиш, бошқа тил ўрганиш каби оддий машғулотлар ҳам когнитив заифлашувга қарши фойдали ҳисобланади. Ўз навбатида, турли онлайн платформалардаги ақлий ўйинларнинг инсон миясига таъсири бўйича фикрлар бўлинган.
Фото: Unsplash
Мантиқан ўйлаб қарасак, спорт залида мушакларингизга ишласангиз, улар мустаҳкамланади ва заифлашишдан сақланади. Худди шундай ақлий машқлар ҳам инсон миясининг иш фаолиятига ижобий таъсир кўрсатадими? Айнан шу ғоя охирги йигирма йил ичида кўплаб мия машқларини таклиф қилувчи платформалар ва иловаларнинг пайдо бўлишига, шунингдек, сон-саноқсиз судоку, кроссворд ва мантиқий бошқотирма китобларининг оммавийлашишига сабаб бўлди. Шу билан бирга, кўплаб олимлар ҳам когнитив машқлар одамни ақллироқ қилиши ва ҳатто деменция хавфини камайтириши мумкинлигини ўрганиш бўйича тадқиқотлар бошлади.
New York Тimes’нинг ёзишича, бир қарашда оддийдек кўринган ғоя аслида анча мураккаб бўлиб чиққан. Бунда “мия машқлари фойдалими?” деган саволга жавоб қайси машқ тури бажарилаётгани ва қандай фойда кутилаётганига боғлиқ.
“Психологлар когнитив қобилиятни яхшилаш мумкинми, деган мазмунда ўрганиш олиб борганларида, одатда тафаккурнинг муайян жиҳатини кучайтириш учун яратилган компютер ўйинларидан фойдаланишади. Баъзи ўйинлар одамга маҳоратни ошириш ёки алоҳида белгиларни таниш стратегияларини ўргатади. Бошқалари эса аста-секин тезлик ва хатарларни ошириб, мияни қийинчиликка дучор қилади”, дейди Кленсон университети профессори Лесли Росс.
Айрим тадқиқот натижаларига кўра, ақлий ўйинлар ўйнаш одамларнинг когнитив қобилиятларини яхшилаши мумкин. Бунда нафақат машқ қилинаётган вазифада, балки унга яқин бошқа ишларда ҳам бу самара беради. Канаданинг Ғарбий Онтарио университети профессори Адриан Оуэннинг таъкидлашича, бу «ажабланарли эмас». Масалан, кимдир телефон рақамларини ёдлашни машқ қилса, саналарни эслаб қолиши ҳам яхшиланади. Аммо битта ўйинни ўйнаш одамни умумий фонда ақллироқ қилиши ёки бутунлай бошқа вазифада муваффақиятли бўлишига ёрдам бериши бўйича етарли далиллар йўқ.
“Сиз скрипка чалишни ўрганишни истасайсиз. Машқ қилсангиз, скрипкани яхшироқ чала бошлайсиз. Аммо скрипкани чалишни ўргансангиз, бошқа инструментларни ҳам яхши чалиб кетасизми? Жавоб аниқ — йўқ”, дейди Оуэн.
Бир қатор мия машқларига доир ўйинлар ишлаб чиқарувчи компаниялар ўйинлар когнитив заифлашувни ҳам кечиктиради, деб даъво қилишади, лекин бу борадаги тадқиқотлар жуда кам. Шундай тадқиқотларнинг бирига кўра, соғлом кекса одамларга қайта ишлаш тезлигини яхшилашга мўлжалланган ўйин берилган. 10 йил ўтиб, бу одамларда деменция ривожланиш хавфи 29 фоизга паст бўлган. Икки хил бошқа ўйин (хотира ва муаммо ечиш машқи) ҳам хавфни камайтирган, лекин натижа ўйин ўйнамаганларга қараганда сезиларли даражада яхши бўлмаган. Мутахассислар ушбу тадқиқотларга таяниб, ақлий ўйинларда мия фаолиятини яхшилаш истиқболи борлигини айтишади, аммо буни исботлаш учун қўшимча клиник синовлар талаб этилади.
Мияни оддий машғулотлар билан “ҳимоя қилиш”
Кроссворд ечиш, стол теннисига ўхшаш ўйинлар ўйнаш, китоб ёки газета ўқиш, бошқа тил ўрганиш каби оддий машғулотлар ҳам когнитив заифлашувга қарши фойдали бўлиши мумкин.
Баъзи тадқиқотлар одам қанчалик кўп “ақлий машқлар” қилса, шунчалик деменцияга чалиниш хавфи камайишини ёки ташхис қўйилиш вақти кечикишини кўрсатган. Масалан, битта тадқиқотда деменция ривожланган одамлар ичида мунтазам кроссворд ечганларнинг хотира пасайиши икки йилга кечиккан.
“Бирор иш ақлни ишлатишга мажбур қилса, бу одатда мия учун фойдали”, дейди доктор Рос. Унинг қўшимча қилишича, бундай тадқиқотлар рандомизацияланган клиник синовлар эмас, яъни аниқ сабаб-оқибатни исботловчи энг ишончли услубда амалга оширилмаган.
“Когнитив захира” назарияси
Нима учун ақлий ўйинлар ёки кроссвордлар мияга ёрдам бериши мумкин, деб сўралганда, мутахассислар “когнитив захира” назариясини эслатишади. Мазкур назарияга кўра, инсон қанчалик кўп “ақлий мушак” тўплаган бўлса, деменцияга шунчалик чидамли бўлади, дейди Стони Брук университети нейрология кафедраси раҳбари доктор Жо Вергес.
“Бу машғулотлар деменцияни келтириб чиқарадиган мия шикастланишини тўхтатмайди. Аммо кимдадир Алцгеймер касаллиги ривожланса, когнитив захира белгиларини яшириши ва уларнинг пайдо бўлишини бир неча йилга кечиктириши мумкин”, дейди Вергес.
Бу назарияни кўпроқ ўқиган одамларда деменция хавфи пастроқ бўлишини кўрсатган тадқиқотлар қўллаб-қувватлайди, дейди Ню Йоркдаги Маунт Сайнай тадқиқот маркази директори ўринбосари доктор Самуэл Генди. Шунга ўхшаш натижалар ақлий жиҳатдан қийин касбларда ишлаган одамлар билан ҳам кузатилган.
Аммо когнитив захирани бевосита ўлчашнинг иложи йўқ, дейди доктор Оуэн. Шу сабабли, мия машқлари уни кучайтиради ёки йўқ, аниқ айтиш қийин.
Мутахассисларнинг хулоса қилишича, жисмоний машқлар ёки ижтимоий фаол бўлишнинг фойдалилиги каби ақлий машғулотлар ҳам когнитив пасайишга қарши фойда бериши мумкин ва бунинг салбий томони йўқ. Лекин махсус яратилган мия машқи ўйинларига келганда, уларнинг фикри бўлинган. Айримлар буни тизимли “ақлий машғулот” сифатида баҳолаб, пул тўлашга арзийди, деб ҳисоблашади. Бошқалар эса бу даъволар илмий жиҳатдан исботланмаганини айтиб, одамларга пулини тежашни маслаҳат беришади. Доктор Генди турли платформалар ҳақидаги ақлий ўйинларга нисбатан қуйидагича фикр билдирган: “Зарари бўлмайди, лекин фойда беришига ҳам кафолат йўқ”.
Мавзуга оид
20:08 / 25.09.2025
Ҳар қандай миқдордаги алкогол деменция хавфини ошириши аниқланди – янги тадқиқот
21:18 / 04.02.2025
Сўнгги 8 йил ичида инсон миясидаги микропластик заррачалар 50 фоизга ошди - тадқиқот
11:09 / 25.10.2020
Совуқ сувда чўмилиш деменциянинг олдини олиши мумкинми?
20:58 / 03.02.2018