Жаҳон | 09:51 / 20.09.2025
6099
3 дақиқада ўқилади

Трамп 1 миллион долларлик АҚШ «Олтин карта»сини жорий қилди

Бу карта орқали жисмоний шахслар ва корпорациялар тезлаштирилган тартибда АҚШда резидентлик ҳуқуқини олиши мумкин бўлади. Бундан ташқари Трамп АҚШдан ташқаридаги даромадлари учун солиқ тўламайдиган «Платинум» картани ҳам жорий қилмоқчи.

Фото: White House

19 сентябрь куни АҚШ президенти Доналд Трамп «Трамп олтин картаси»ни тақдим этди. Бу карта орқали жисмоний шахслар ва корпорациялар АҚШда тезлаштирилган резидентлик ҳуқуқини олишлари мумкин бўлади. Унинг бошланғич нархи 1 миллион доллар этиб белгиланган.

Картада президентнинг портрети, бургут, Озодлик ҳайкали ва Америка байроғи олтин фон устида тасвирланган, чап томонда эса «Trump Gold Card» ёзуви туширилган.

«Узоқ йиллар давомида мамлакатимизга миллионлаб ноқонуний муҳожирлар оқиб келди ва иммиграция тизимимиз издан чиққан эди. Энди Америкаликлар ва АҚШ солиқ тўловчилари бизнинг ҚОНУНИЙ иммиграция тизимимиздан фойда кўриши вақти келди», деб ёзди Трамп.

Шахсий картани энди 1 миллион долларга сотиб олиш мумкин, корпорациялар эса кейинчалик 2 миллион долларга карта сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади.

«Биз олтин карта қисқа фурсатда 100 миллиард доллардан кўпроқ маблағ келтиради, деб кутяпмиз», деб ёзди Трамп. «Бу маблағ солиқни камайтиришга, иқтисодий ўсиш лойиҳаларига ва қарзларимизни тўлашга сарфланади».

Картани расмийлаштирувчи сайтда қайд этилишича, "Олтин карта"нинг мақоми виза сифатида хизмат қилади ва миллий хавфсизлик ёки бошқа хавф омиллари туфайли бекор қилиниши мумкин.

Маъмурият, шунингдек, «Trump Platinum Card»ни ҳам жорий этишни режалаштирмоқда. Бу карта жисмоний шахсларга мамлакатда йилига 270 кунгача яшашга имкон беради, бунда улар АҚШдан ташқаридаги даромадлари учун солиқ тўламайди. Ушбу карта саёҳат визаларини алмаштиради.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид