Жаҳон | 20:27 / 21.09.2025
5733
3 дақиқада ўқилади

«Толибон» Трампнинг Багром авиабазасини қайтариш талабини рад этди

Баёнотда айтилишича, АҚШ аввалроқ Доҳада имзоланган келишув доирасида «Афғонистоннинг ҳудудий яхлитлиги ёки сиёсий мустақиллигига қарши куч ишлатиш билан таҳдид қилмаслик ва мамлакатнинг ички ишларига аралашмаслик» мажбуриятини олган.

Фото: AFP

Афғонистондаги ҳукмрон «Толибон» ҳаракати расмий вакили Забиҳулло Мужоҳид Трампнинг Багром авиабазасини Қўшма Штатларга қайтариш ҳақидаги талабига жавобан «мамлакатнинг ички ишларига аралашмасликни» маслаҳат берди. АҚШ ҳарбийлари ушбу авиабазани 2021 йилда тарк этган эди.

Баёнотда айтилишича, АҚШ Доҳада имзоланган келишув доирасида «Афғонистоннинг ҳудудий яхлитлиги ёки сиёсий мустақиллигига қарши куч ишлатиш билан таҳдид қилмаслик ва мамлакатнинг ички ишларига аралашмаслик» мажбуриятини олган.

«Шунинг учун улар ўз мажбуриятларига содиқ қолишлари зарур», деб эслатди «Толибон» вакили.

Шунингдек, у Афғонистон «барча давлатлар билан ўзаро ва умумий манфаатлар асосида конструктив муносабатлар ўрнатишга интилаётганини» айтиб, АҚШга «ўтмишдаги муваффақиятсиз ёндашувларни такрорлаш ўрнига реализм ва рационаллик сиёсатига амал қилишни» тавсия этди.

Мамлакат Мудофаа вазирлиги штаби раҳбари Фасиҳуддин Фитрат сўзларига кўра, «баъзи одамлар» базани «сиёсий келишув» орқали қайтариб олмоқчи.

«Афғонистоннинг бир қарич ери учун ҳам битим тузиш мумкин эмас. Бизга бунинг кераги йўқ», деди у.

Politico нашрининг ёзишича, АҚШ Афғонистон ҳукумати билан америкалик ҳарбийларни мамлакатга қайтариш бўйича қандай музокаралар олиб бораётгани маълум эмас.

Аввалроқ, Доналд Трамп кескин баёнот билан чиқиб, Афғонистондан америкаликлар томонидан қурилган Багром авиабазасини Қўшма Штатларга қайтаришни талаб қилган эди.

«Агар Афғонистон АҚШ томонидан қурилган Багром авиабазасини қайтариб бермаса, ёмон нарсалар содир бўлади», деб ёзди Оқ уй раҳбари ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида.

АҚШ ҳарбийларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиш тўғрисида Доналд Трамп ўзининг биринчи президентлик муддати пайтида мамлакат расмийлари билан келишиб олган эди, бироқ қўшинлар Жо Байден даврида бутунлай чиқиб кетди.

2021 йил августида АҚШ қўшинларининг асосий қисми чиқиб кетиши ва энг йирик ҳарбий базалар ёпилиши ортидан «Толибон» дарҳол Афғонистонда ҳокимиятни эгаллади.

Трамп собиқ президент Жо Байден маъмуриятини Багром авиабазасини толибларга «топшириб», Хитойга назорат ўрнатиш имконини берганликда бир неча бор айблаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид