Жаҳон | 21:56 / 23.09.2025
13586
3 дақиқада ўқилади

Туркманистонда иш ҳақи ва пенсияларни оширишдан воз кечиш таклиф этилди

Бу ҳақда Халқ маслаҳати йиғилишида оқсоқол Ёзмурод Отамуродов ташаббус билдирди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат раҳбариятининг «бахтли халқ турмуш даражасини барқарор ўстираётган» сиёсати туфайли «аҳолининг ижтимоий-маиший шароитлари юқори даражага етган».

Фото: Видеодан кадр

Туркманистон ҳукумати иш ҳақи, пенсиялар, давлат нафақалари ва стипендиялар миқдорини ҳар йили оширишдан воз кечиши керак. Бу ҳақда Гурбангули Бердимуҳамедов раислигида бўлиб ўтаётган Халқ маслаҳати йиғилишида оқсоқоллар кенгаши аъзоси, фахрий оқсоқол Ёзмурод Отамуродов маълум қилди.

Халқ маслаҳати раиси ва унинг ўғли - Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовга мурожаат қилар экан, Отамуродов мамлакат раҳбариятининг «бахтли халқ турмуш даражасини барқарор ўстираётган» сиёсатини юқори баҳолади. У аҳолининг ижтимоий-маиший шароитлари юқори даражага етганини айтиб, тўловларни оширишни тўхтатишни таклиф қилди ва «одамлар учун яратилган бундай имтиёзлар дунёнинг ҳеч бир мамлакатида йўқлигини» таъкидлади.

TDH хабарига кўра, оқсоқол Гурбангули Бердимуҳамедовдан ўз ташаббусини қўллаб-қувватлашини, тежалган маблағларни мамлакат тараққиёти ва бошқа муҳим вазифаларга йўналтиришини самимий сўраган. Бердимуҳамедов, ўз навбатида, Отамуродовга нутқи ва тавсиялари учун миннатдорчилик билдирди.

Turkmen news хабарига кўра, оқсоқолнинг таклифи туркман ижтимоий тармоқларида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Turkmenportal давлат нашри ҳатто бу хабар остидаги изоҳларни ёпиб қўйган. Фойдаланувчилар инфляция одатда индексация қилинадиган 10 фоиздан анча юқори эканини таъкидлаган: масалан, гўшт ярим йил ичида икки баравар қимматлашди - 100 манатгача (5 доллар). Масалан, талабалар формаси оилаларга тахминан 12 минг манатга (600 доллар) тушади ва ота-оналар фарзандининг ўқишини тўлаш учун кредит олиши керак бўлади. Кўпгина шарҳловчилар оқсоқолнинг самимийлигига шубҳа қилди, кам даромад ва тирикчилик қийинчиликларидан шикоят этди.

Туркманистонда энг кам пенсия ҳозир 550 манат (тахминан $27,5), нафақа - 520 манат ($26).

Расмийлар тўловларни индексация қилишни бекор қилиш ташаббусига ҳозирча изоҳ бермади. Аммо 2015 йилда Халқ Маслаҳати аъзосининг халқ «қудрат ва бахт даврида шунчалик яхши яшайдики, газ, сув ва электр энергияси учун бемалол тўлай олади» деган баёноти охир-оқибат ушбу хизматлар учун имтиёзларнинг бутунлай бекор қилинишига олиб келган эди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид