Жаҳон | 20:53 / 24.09.2025
1851
2 дақиқада ўқилади

Даллас миграция офисидаги отишмада бир киши ҳалок бўлди

Даллас шаҳрида АҚШ Иммиграция ва божхона хизматининг (ICE) минтақавий офисида отишма содир бўлди. Бир неча киши яраланди ва ҳалок бўлди, отишмани уюштирган мерган эса ўзини ўлдирди.

BBC хабарига кўра, полиция Даллас шимоли-ғарбидаги офисда маҳаллий вақт билан соат 7:30 атрофида отишма содир бўлгани ҳақида хабар олган.

Мерган қўшни бинонинг томида ўлик ҳолда топилди, деб хабар берди маҳаллий WFAA телекомпанияси манбаларга таяниб.

ICE раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи Тодд Лайонснинг CNN телеканалига айтишича, «дастлабки маълумотларга кўра, гап снайпер ҳақида кетаётган бўлиши мумкин».

«Ҳуқуқ-тартибот идораларига, айниқса ICE офисларига ҳужумлар тўхтатилиши керак. Мен ушбу ҳужумда жабрланганларнинг барчаси ва уларнинг оиласи учун дуо қиламан», деб ёзди АҚШ вице-президенти Жеймс Вэнс ижтимоий тармоқда.

Даллас полицияси ICE офисидаги отишмада камида бир киши ҳалок бўлганини тасдиқлади.

«Икки киши ўқотар қуролдан олинган жароҳатлар билан касалхонага етказилди. Жабрланганлардан бири воқеа жойида вафот этган. Гумонланувчи вафот этди», дейилади Даллас полициясининг ижтимоий тармоқдаги постида.

«Дастлабки терговда гумонланувчи қўшни бинодан туриб ҳукумат биносига қарата ўт очгани аниқланди», дейилади полиция баёнотида.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид