Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сурхондарёда вояга етмаган қизга уйланган эркакка жиноят иши очилди
Шунингдек, моддий манфаат эвазига уларга никоҳ ўқиган шахсга нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилди.
Фото: Ижтимоий тармоқлар
Сурхондарё вилояти, Денов туманида 15 ёшли қизга уйланган йигит ва уларга никоҳ маросимини ўтказган шахсга жиноят иши очилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова хабар берди.
Қайд қилинишича, 2025 йил 8 июл куни Денов туманида яшовчи 67 ёшли аёл 15 яшар набирасини 28 ёшли йигитга турмушга бериш маросимини ташкил қилган. Қиз вояга етмагани сабабли, никоҳ қонунда кўрсатилган тартибда қайд этилмаган. Аммо 75 ёшли эркак моддий манфаат эвазига уларга шаръий никоҳ маросимини ўтказган.
Ҳолат юзасидан никоҳ ўқиган шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш, куёвга эса 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилишни назарда тутувчи моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозир жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ қиз Денов туманидаги касб-ҳунар мактабида таълим олаётгани ва унинг ҳуқуқлари, таълим жараёни мутасаддилар томонидан доимий назоратга олингани тўғрисида хабар берилган эди.