Жаҳон | 18:28 / 25.09.2025
36490
7 дақиқада ўқилади

Осиёдаги энг йирик шўр кўл қуриб кетди. Нима учун?

Осиёнинг энг йирик шўр сув ҳавзаси – Урмия кўли деярли бутунлай қуриб қолди. ХХ асрнинг 80 йилларида кўлнинг узунлиги 140 километр, кенглиги эса 55 километрни ташкил этган бўлса, айни пайтга келиб ундан қуриб қолган туб ва кам сонли кўлмакларгина қолган. Бунга қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун ҳаддан ташқари кўп сув сарфи, узоқ давом этган қурғоқчилик ҳамда юқори ҳарорат туфайли сувнинг тез буғланиши кабилар сабаб бўлган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Эроннинг шимоли-ғарбида жойлашган, 4000 йилдан ортиқ тарихга эга бўлган Осиёнинг энг йирик шўр сув ҳавзаси – Урмия кўли деярли бутунлай қуриб қолди, дея хабар берди Bild.

1980 йилларда кўлнинг узунлиги 140 километр, кенглиги эса 55 километрни ташкил этган бўлса, 2025 йилнинг ёзига келиб ундан фақат қуриб қолган туб ва кам сонли кўлмакларгина қолган. Буни сунъий йўлдошдан олинган расмлар ҳам тасдиқлайди.

Фото: NASA

Экологлар ва Эроннинг мухолифат оммавий ахборот воситалари Урмия кўлининг йўқ бўлиб кетганини катта фалокат дея баҳолашяпти. Iran News Update маълумотларига кўра, мамлакатда миллиондан ошиқ ноқонуний қудуқлар бор, бу эса йиллар давомида ерости сувларининг камайиб боришига таъсир кўрсатган.

Ҳолатни ёмонлаштираётган яна бир омил қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ. Эронда сув ресурсларининг 88 фоизини ушбу тармоқ истеъмол қилади, аммо ялпи ички маҳсулотнинг атиги 10 фоизини беради. Натижада ҳар йили табиий манбалардан 43 миллион куб метр сув ортиқча сарфланяпти.

Вазиятнинг критик нуқтага етганини мамлакат президенти Маъсуд Пизишкиён ҳам тан олди. У июл ойидаги чиқишларидан бирида «Теҳронда ҳақиқатан ҳам сув қолмади», дея таъкидлаб ўтганди. Пизишкиённинг сўзларига кўра, ҳукумат пойтахтни кўчириш имкониятини ҳам кўриб чиқяпти. Айни пайтда Теҳронда 15 миллиондан ортиқ одам яшайди.

Урмия кўлининг қуриши юз минглаб одамларнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатган: тузли чанг бўронлари кўпайиши тупроқни ифлослантиряпти ва қишлоқ хўжалиги билан шуғулланишни деярли имконсиз ҳолатга келтириб қўйган.

Кўл нега қуриган? 

Мутахассислар экологик фалокатнинг бир неча ўзаро боғлиқ сабабларини кўрсатмоқда: глобал иқлим ўзгариши фонида узоқ давом этган қурғоқчилик, кўлни тўлдирувчи дарёлар йўналиши ўзгаришига сабаб бўлган тўғонларнинг қурилиши, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва шаҳарсозлик эҳтиёжлари учун ҳаддан ташқари кўп сув сарфи. 

Эроннинг Ғарбий Озарбойжон вилояти атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ташкилоти бош директори Ҳожжат Жаббари 2025 йил июл ойида Тасним ахборот агентлигига берган интервюсида Урмия кўлини тиклаш энди имконсиз эканини тан олганди. Унинг сўзларига кўра, бу фожиани кучли ёғингарчиликларнинг камайиши, ҳароратнинг ошиши туфайли буғланишнинг кўпайиши, боғлар ва деҳқончилик ерлари майдонининг тинимсиз кенгайиши ва энг асосийси – Урмия кўлини тиклаш қўмитаси томонидан қабул қилинган қарорларнинг амалда бажарилмагани юзага келтирган.  

«Бу тўсатдан содир бўлиб қолмади, балки ўнлаб йиллар давомида аста-секин рўй берган фалокатдир. Ҳар йили кўлнинг ортга чекинаётганини кўрардик, лекин жиддий чоралар кўриш кечиктирилди», деган Жаббари.

Кўлни сақлаб қолиш учун нималар қилинган? 

2015 йилда Урмия кўлига бошқа манбалардан сув олиб келиш масаласи жиддий муҳокама қилинган. Хусусан, Туркиянинг Ван кўли ёки Грузиядаги кўллардан. Ўша пайтда Урмия кўлини тиклаш маркази раҳбари бўлган, кейинчалик Эрон вице-президенти ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ташкилоти бошлиғи лавозимида ишлаган Исо Калонтари Ван Урмия кўллари орасидаги масофа атиги 170 километр эканини айтган ва буни техник жиҳатдан имконли иш деб ҳисоблаган. Музокаралар бошланган бўлса-да, охир-оқибат ҳеч қандай келишувга эришилмайди.

Эрон расмийлари ҳатто Туркияда музлатиб қўйилган 9 миллиард долларлик Эрон нефт даромадлари борлиги, Урмия кўлига сув олиб келиш лойиҳасини амалга ошириш учун эса атиги 1 миллиард доллар керак эканини таъкидлашган. Сиёсий жиҳатдан Грузия билан келишувга эришиш анча осонроқ бўлиши мумкин эди, бироқ иқтисодий томондан бу лойиҳалар фойдасиз деб топилган.

Яна бир таклиф — Арас дарёсидан Урмия кўлигача канал қуриш режаси эди. Бу ғоя катта норозиликка сабаб бўлади. Озарбойжонлик мутахассислар мазкур лойиҳа мамлакатнинг Саатли, Сабиробод ва Имишли туманларида оғир сув танқислигига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантиришган. Ушбу режа ҳам молиявий муаммолар сабабли амалга оширилмайди.

Натижада охирги йигирма йил давомида Урмия кўлининг яшаб қолиши фақат ва фақат баъзида ёғадиган ёмғирларга боғлиқ бўлиб қолади.

Урмия кўлининг йўқолиши нафақат Эрон, балки бутун минтақа учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Олимлар кўлнинг бутунлай қуриб кетиши натижасида улкан қум ва туз бўронлари юзага келишини ва Эрон ҳудудининг чорак қисмини қамраб олишини прогноз қилишяпти. Бундай табиий офат нафақат қишлоқ хўжалиги ва инфратузилмаларни вайрон қилади, балки миллионлаб инсонлар саломатлигига хавф солувчи нафас йўллари касалликларини ҳам келтириб чиқаради. Шундоқ ҳам ерости сувлари камайиб кетгани сабабли кўплаб қишлоқлар бўшатилган, артезиан қудуқлари қуриб қолган ва деҳқончилик имконсиз ҳолга келган.

Урмия кўли 1995 йилда бошлаб қурий бошлаган, яъни Эронда чоралар кўриш учун 30 йиллик имконият бор эди. Афсуски, бу вақт беҳуда ўтиб кетди. Халқаро ташкилотлар ва экологик гуруҳлар ёрдам таклиф қилган, лекин бу таклифлар аксарият ҳолатларда сиёсий сабабларга кўра рад этилади.

Қуриётган кўллар

Иқлим ўзгариши туфайли сайёрамиз ҳароратининг ошиб бораётгани ва 1990 йиллар бошидан буён инсонлар томонидан сув тақсимотига кучли таъсир ўтказилиши жаҳондаги кўллар сувининг йилига миллионлаб галлонга камайиб кетишига олиб келган.

Ҳаттоки ёғин-сочин кўп бўладиган ҳудудларда ҳам кўллар қуриб қоляпти. Science журналида эълон қилинган тадқиқотларга кўра, бунга бош сабаб — кўллардан сувларнинг меъёрдан зиёд буғланишига сабаб бўлаётган иссиқ ва қуруқ ҳаво ҳамда сувларни қишлоқ хўжалиги, электр станциялари ва ичиш учун олаётган одамлар туфайли рўй бермоқда.

Муаллифлар табиий ҳол сифатида учинчи сабабни ҳам тилга олишган: ёғин-сочинларнинг камайгани туфайли дарё ўзанларининг ўзгариши. Лекин шу ҳам иқлим ўзгариши туфайли вужудга келган. 

Достон Аҳроров тайёрлади

Мавзуга оид