Жаҳон | 11:32 / 25.09.2025
2718
2 дақиқада ўқилади

Рубио Лавровни Украинадаги урушни тўхтатишга чақирди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси доирасида АҚШ давлат котиби Марко Рубио Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувда АҚШ президенти Доналд Трампнинг Кремлни Россиянинг Украинадаги агрессиясини тўхтатиш учун чоралар кўришга чақирганини такрорлади.

Фото: Nathan Howard/AFP/Getty Images

АҚШ давлат котиби Марко Рубио БМТ Бош ассамблеяси доирасида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувда АҚШ президенти Доналд Трампнинг агрессияга чек қўйиш ва Россиянинг Украинага қарши урушини тўхтатиш учун «жиддий қадамлар» қўйишга чақирганини яна бир бор таъкидлади. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот котиби ўринбосари Томми Пиготтнинг 24 сентябр, чоршанба куни департамент сайтида чоп этилган ёзма баёнотида айтилган.

Россия ва АҚШ делегацияларининг Ню-Йоркдаги ёпиқ учрашуви 50 дақиқа давом этди. Шундан сўнг Сергей Лавров журналистларнинг учрашув қандай ўтгани ҳақидаги саволига жавобан бош бармоғини кўрсатди.

Россия ТИВ Telegramʼда вазирлик раҳбари «Россия ва АҚШ етакчилари томонидан Аляскада ишлаб чиқилган йўналишга амал қилишга, жумладан, Украина можаросининг асл сабабларини бартараф этиш бўйича Америка томони билан саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга» тайёрлигини, шунингдек, «Киев ва айрим Европа давлатлари томонидан можарони чўзишга қаратилган схемалар қабул қилинмаслигини таъкидлагани» ҳақида хабар берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид