Ўзбекистон | 10:35 / 28.09.2025
8824
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида юк машинаси кўприкка урилди

Зангиота туманида юк машинаси ерости кўприги тўсинига урилди. Оқибатда кўприкнинг пиёдалар ҳаракати учун мўлжалланган қисми шикастланди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тошкент вилояти Зангиота туманида юк машинаси кўприкка урилди, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати.

26 сентябрь куни соат 19:00 атрофида М.С. бошқарувидаги MAN юк автомобили Зангиота туманидан ўтувчи М39 йўлидаги ерости йўлида тегишли тақиқловчи йўл белгилари ўрнатилганига қарамасдан ҳаракатланган. Бироқ габарит ўлчамлари тўғри келмагани сабабли кўприкнинг пиёдалар ҳаракатланиши учун мўлжалланган қисмидаги бетон тўсинга урилган.

Шундан сўнг воқеа жойига ЙҲХ ҳодимлари етиб келиб, юзага келган ҳолатни бартараф қилган. Бир муддат автомобилларнинг ҳаракатланиши чекланган.

«Воқеа ҳаракат иштирокчиларининг соғлиғига ва кўприкнинг автомобиллар ҳаракатланиш учун мўлжалланган қисмига зиён етказмаган. Фақатгина кўприкнинг пиёдалар ҳаракати учун мўлжалланган қисми шикастланган»,  дейилади хабарда.

Ҳозирда шикастланган қисмни таъмирлаш чоралари кўрилмоқда.

Ҳолат юзасидан Зангиота тумани ЙҲХБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид