Жаҳон | 14:25 / 29.09.2025
3791
1 дақиқада ўқилади

"Толибон" Афғонистонда АҚШ фуқаросини озод қилди

Амир Амирий Афғонистонда тахминан тўққиз ой ҳибсда бўлди. Озодликка чиқарилгач, у АҚШ президентининг гаровга олинганлар масалалари бўйича вакили Адам Белерга топширилди.

Амир Амирий (чапда) озодликка чиққандан кейин Фото: AP

«Толибон» ҳаракати 28 сентябр, якшанба куни АҚШ фуқароси Амир Амирий озод этилганини эълон қилди. Собиқ маҳбус АҚШ президентининг гаровга олинганлар масалалари бўйича вакили Адам Белерга топширилди. Шу ой бошида Вашингтон расмийси "Толибон" билан эҳтимолий маҳбуслар алмашинуви ҳақида музокаралар олиб борди.

Амирийнинг ҳибсга олиниши ҳолати ҳақида кам нарса маълум. Вазиятдан хабардор манбага кўра, Амирий 2024 йил декабр ойидан бери ҳибсда эди. Уйига қайтаётганда озод этилган шахс Қатар пойтахти Доҳада тиббий кўрикдан ўтади.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио бу шахснинг озод этилишини таъминлашда кўрсатган ёрдами учун Қатарга миннатдорчилик билдирди. АҚШ президенти Доналд Трамп «аниқ айтди: хорижда ноҳақ ҳибсга олинган ҳар бир америкалик ўз уйига қайтмагунча, биз тўхтамаймиз», деб таъкидлади давлат котиби.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид