Жаҳон | 21:21 / 30.09.2025
2601
1 дақиқада ўқилади

АҚШ суди “Америка овози”да қисқартириш ўтказишни вақтинча тақиқлади

“Америка овози” ва “Озодлик” каби оммавий ахборот воситаларини молиялаштирувчи АҚШ Глобал медиа агентлиги тизимидаги юзлаб иш ўринларини қисқартириш вақтинча тўхтатиб турилади.

Фото: AFP/Getty Images

30 сентябр куни федерал судя Трамп маъмуриятининг режаларига қарши чиқиб, шундай қарорга келди.

Суд Глобал медиа агентлигига ўз тизимидаги тўлиқ штатда ишловчи 532 та бюджет ходимларини қисқартиришни тақиқлади.

Суд, шунингдек, агентликка “Америка овози” директори Майкл Абрамовицни ишдан бўшатишни ҳам ман этди.

Ушбу иш бўйича суддаги ҳуқуқий жараёнлар давом этади.

Маълумот учун, АҚШ Конгресси 2025 молия йилида Глобал медиа агентлигига 875 млн доллар ажратган ва шундан 260 млн доллари “Америка овози”га йўналтирилиши кераклиги белгиланган.

Март ойида президент Доналд Трамп фармон чиқариб, агентликка асосий фаолияти ва ходимларини минимум даражагача камайтиришни буюрди. Бир кун ўтиб, “Америка овози” эфирлари 83 йил ичида илк марта тўхтаб қолди. Агентлик ўзининг деярли барча ходимларини таътилга чиқариб юборган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид