Жаҳон | 13:28 / 30.09.2025
1767
2 дақиқада ўқилади

Эрон ядро қуролини тарқатмаслик шартномасидан чиқишга тайёрланмоқда

Теҳроннинг ядровий дастурига қарши БМТ санкциялари тикланганидан сўнг, Эрон парламенти мамлакатнинг Ядровий қуролларни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномадан чиқишини назарда тутувчи қонун тайёрламоқда.

Фото: Iranian Presidency via ZUMA Press/picture alliance

Эрон парламенти мамлакатнинг Ядро қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномадан чиқишини назарда тутувчи қонун тайёрламоқда. Июн ойида Исроил ва АҚШнинг Эрон ядро иншоотларига берган зарбалари ва "Евроучлик" (Германия, Франция ва Буюк Британия) томонидан БМТ санкциялари қайта тикланганидан кейин Теҳрон парламенти мамлакатнинг шартномага аъзолигида давом этиши учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпти, дея огоҳлантирди парламент хавфсизлик қўмитаси матбуот котиби Иброҳим Ризоий. Унинг 29 сентябр, душанба кунги баёноти Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига алоқадор Tasnim ахборот агентлиги томонидан келтирилди.

Ризоийнинг сўзларига кўра, шартномадан чиқиш бўйича 15 та қонун лойиҳаси тақдим этилган ва улардан бири аллақачон ишлаб чиқилган. Бироқ ҳужжат ҳали Эрон парламентининг расмий кун тартибига киритилмаган. Ризоийга кўра, бунинг амалга ошиши учун парламент аъзолари ҳали «консенсус»га келиши керак. Эрон парламентида мамлакат президенти Масъуд Пезешкиённинг дипломатик курсини кескин танқид қилган қаттиққўл тарафдорлар кўп. У ва Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи шартномадан чиқишга қарши ва БМТ санкциялари тикланганидан кейин ҳам дипломатик ечим устида ишлашда давом этишини билдирмоқда.

Эрон конституциясига кўра, стратегик масалаларда сўнгги сўз олий раҳбар оятуллоҳ Али Хоманаийга тегишли. Кузатувчиларнинг фикрича, у шартномадан чиқиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилинишидан олдин уни тасдиқлаш керак, дея хабар беради dpa.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид