Спорт | 11:53
1429
2 дақиқада ўқилади

Эронлик футбол расмийларига АҚШ визаси берилмади

Эрон футбол федерацияси раҳбари Маҳди Тож ва бошқа қатор эронлик футбол расмийлари 11 июн куни бошланадиган жаҳон чемпионатига бора олмайди. The New York Times хабарига кўра, уларга Америка визаси берилмаган.

Маҳди Тож – Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг собиқ зобити ҳисобланади. Ундан ташқари, Эрон футбол федерацияси ижрочи директори Маҳди Харати, ташкилот бош котиби Ҳидоят Мумбини ва медиа бўлими директори Муҳсин Мутамедкиянинг ҳам виза олиш бўйича мурожаатига рад жавоби берилган.

Эрон миллий жамоаси аъзоларининг барчасига виза чиққан. Уларга «ёрдамчи ходимлар» ҳам бириктирилган. Шу билан бирга, «террорчилар тизимдан Қўшма Штатларга яширинча кириш учун фойдаланиши»га йўл қўйилмаслиги таъкидланган.

Эрон АҚШни дискриминацияда айблаб, ФИФАни вазиятга аралашишга чақирди. Эрон томони спорт мулозимлари ва «ҳар қандай миллий жамоанинг ажралмас қисми ҳисобланадиган» техник маслаҳатчиларнинг аксар қисмига виза бўйича рад жавоби берилганини қайд этган.

Футбол бўйича жаҳон чемпионатига АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қилади. Эрон миллий жамоаси илк ўйинини 15 июн куни Лос-Анжелесда ўтказилади.

Март ойида Эрон ҳукумати футбол бўйича миллий жамоа АҚШдаги жаҳон чемпионатига бормаслигини маълум қилган, аммо кейин бу қарор ўзгартирилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид