Спорт | 20:02 / 30.09.2025
6311
3 дақиқада ўқилади

ЎФА Каннаваро билан музокара ўтказмоқда

Бу сўнгги вақтларда Ўзбекистонга келиши мумкинлиги ҳақида хабарлар чиққан бешинчи мутахассисдир.

Фото: Getty Images

Ўзбекистон футбол ассоциацияси миллий жамоага хорижлик мураббий олиб келиш учун уринишни давом эттирмоқда.

Таниқли инсайдер Фабрицио Романонинг ёзишича, ЎФА италиялик мутахассис Фабио Каннаварога расмий таклиф билан чиққан.

Манбага кўра, томонлар ўртасида музокаралар давом этмоқда.

Бундан олдинроқ ОАВда Каннаваро Ўзбекистон таклифини рад этгани ва Италиядаги клублардан таклиф кутаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Маълумот учун, айни вақтда 52 ёшда бўлган Фабио Каннаваро футболчилик фаолиятида катта ютуқларга эришган. У 2006 йилда Италия миллий жамоаси билан жаҳон чемпионига айланган ва мундиалдаги кучли иштироки учун ўша мавсум якунларига кўра «Олтин тўп»ни қўлга киритганди.

Аммо Фабио мураббийлик фаолиятидаги натижалари билан мақтана олмайди. У «Гуанчжоу Эвегранд», «Удинезе», «Беневенто», «Динамо» Загреб каби клубларда ва Хитой миллий жамоасида муваффақиятсиз ишлаган.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон миллий жамоаси бошқарувига хорижлик мураббий олиб келиниши ҳақида мунтазам равишда хабарлар чиқмоқда. Аввалига ЎФА 2014 йил Германияни жаҳон чемпионига айлантирган Йоахим Лёв билан музокаралар олиб борган, якунда тажрибали мутахассис бу таклифни рад этганди. Туркиялик Фотиҳ Терим ҳақида ҳам хабарлар чиқди, аммо бу вариант музокаралар даражасига етиб бормади.

Кейинроқ ЎФА португалиялик мутахассис Паулу Бентуни миллий жамоа бош мураббийлигига асосий номзодлардан бири сифатида кўриб чиқаётгани ҳақида хабар тарқалди. Аммо ушбу мутахассис билан музокаралар келишув билан якунланмаганди, яъни у ҳам таклифни рад этган.

Шунингдек, ОАВда хорватиялик мутахассис Славен Билич Ўзбекистон миллий жамоаси бошқарувига келиши мумкинлиги ҳақида ҳам хабарлар тарқалганди.

Айни пайтда Ўзбекистон миллий жамоасини Темур Кападзе бошқариб турибди. Жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиққан ушбу мутахассис келажаги борасида бир қарорга келинмаётгани ўзига ноқулайлик туғдираётгани ҳақида бир неча бор айтиб ўтган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид