Жаҳон | 20:26 / 30.09.2025
14605
3 дақиқада ўқилади

Туркия дронлари Ғазога кетаётган ёрдам флотилияси кузатувига қўшилди

Туркия Ғазога ёрдам олиб бораётган «Global Sumud» халқаро флотилиясини кузатишда Испания, Италия ва Грецияга қўшилди. Флотилия Исроилнинг огоҳлантиришларига қарамай, Ўрта Ер денгизи бўйлаб шарққа сузишни давом эттирмоқда.

Фото: FMT News

Reuters нашрининг ёзишича, парвозни кузатувчи веб-сайтлар Туркиянинг Чорли авиабазасидан кўтарилган учта дрон уч кун давомида флотилия устида айланиб юрганини қайд этди. Нашр дрон парвозларининг сабабини мустақил тасдиқлай олмаган: Туркия ташқи ишлар, мудофаа вазирликлари ва разведка агентлиги ҳолатга изоҳ бермади.

«Global Sumud» флотилияси – турли давлатлар парламентлари аъзолари, ҳуқуқшунослар ва фаоллар, жумладан швед иқлим фаоли Грета Тунберг ҳам қатнашаётган фуқаролик кемаларидан иборат. Душанба куни флотилия Ғазо соҳилидан ҳали юзлаб чақирим узоқда эди. Ҳозирда Исроил аввал тўхтатган флотилиялар ҳудудига яқинлашмоқда. Кузатув сайтлари флотилияни 40 га яқин кема ташкил этганини кўрсатди.

Ўтган ҳафтадаги дрон ҳужуми натижасида баъзи кемалар шикастлангач, флотилия бир неча кун Греция сув ҳудудида таъмирланиб, ҳафта охирида яна Ғазога йўл олди. Ҳеч ким жароҳат олмаган. Ташкилотчилар душанба куни миссия тахминан тўрт кун ичида Ғазога етиб боришини айтмоқда.

Бир неча кун олдин Италия ва Испания флотилияга ёрдам ёки қутқарув зарурати туғилганда ҳамроҳ бўлиш учун денгиз флотини юборди, бироқ ҳарбий аралашув қилмасликларини билдирди. Греция қирғоқ қўриқчилари ҳам флотилия ўз ҳудудидан ўтганда кузатув олиб борди.

Италия расмийлари якшанба куни флотилия юқори хавфли ҳудудга яқинлашаётганини огоҳлантирди ва ўтган ҳафтада билдирган таклифни: ёрдамни флотилия Кипрга олиб бориб, у ердан Рим-католик черкови орқали Ғазога тарқатиш таклифини яна такрорлади. Аммо флотилия бу таклифни рад этди.

Флот қатнашчиларида Исроилнинг эҳтимолий жавоби юзасидан хавотирлар ҳам бор. Хусусан, «Исроил бир неча бор ҳеч қандай 'қизил чизиқлариʼ йўқлигини кўрсатди, шунинг учун унинг нима қилиши мумкинлиги бизни албатта ташвишга солади. Биз, табиийки, тинч, зўравонликсиз позицияни сақлаш учун қўлимиздан келганини қиламиз,» деди италиялик Европа Парламенти аъзоси Бенедетта Скудери бортдан туриб берган интервьюсида.

Исроил ўтган ҳафтадаги дрон ҳодисаси юзасидан изоҳ бермади, аммо илгари Ғазога кемаларнинг киришига йўл қўймаслик учун барча чораларни кўришини айтган. Унинг фикрича, қўлланаётган денгиз блокадаси қонунийдир.

Reuters нашрининг La Stampa газетаси хабарига таяниб ёзишича, якшанба куни Исроил президенти Исаақ Герцог Италиядаги элчига флотилия аъзоларига қарши «ўлим кучи ишлатилмаслигини» таъминлаганини айтган.

Маҳаллий соғлиқни сақлаш идоралари маълумотига кўра, Исроилнинг Ғазодаги ҳужуми оқибатида ҳозиргача 65 мингдан ортиқ инсон вафот этди. Ҳудуд деярли вйрон бўлган, юз минглаб инсонлар кўчиб кетишга мажбур бўлмоқда. БМТ ҳамкор ташкилоти – IPC Ғазо секторида очарчилик бошланганини расман тасдиқлади. Бунга Исроил Ғазодаги 2 миллион инсонлар учун ҳуманитар ёрдамни тўлиқ тўсиб қўйгани асосий сабабдир.  

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид