Жаҳон | 19:38 / 30.09.2025
17153
2 дақиқада ўқилади

Хитойда собиқ вазир ўлимга ҳукм қилинди

Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири 38 миллион доллар миқдорида пора олишда айбдор деб топилди. Ҳукм ижроси 2 йилга кечиктирилди.

Фото: Xinhua

Хитойнинг собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Танг Женжиан 268 миллион юан (тахминан 38 миллион доллар) миқдорида ортиқ пора олишда айбдор деб топилиб, ўлим жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Хитойнинг Синхуа агентлиги хабар берди.

Суд уни сиёсий ҳуқуқлардан умрбод маҳрум қилди, мол-мулки ва ноқонуний даромадларини мусодара қилди, шу билан бирга, айбни тан олгани, маблағларни қайтаргани ва пушаймон бўлгани учун жазо енгиллаштирилганини таъкидлади. Қайд қилинишича, ҳукм ижроси 2 йилга кечиктирилди.

Хитойда жуда катта миқдордаги коррупция ўлим жазоси назарда тутилган жиноятлар қаторига киради. Амалиётда кўпинча 2 йил кечиктириш муҳлати билан ҳукм чиқарилади: агар маҳкум шу муддат ичида «ахлоқий тузалиш йўлига ўтса», жазо умрбод қамоқ билан алмаштирилади.

Шундай бўлса-да, коррупционерларни қатл қилиш ҳолатлари учрайди. Энг машҳур ҳолатлар орасида Озиқ-овқат ва дори-дармонлар бўйича давлат идораси раҳбари Чжен Сяоюй (2007), парламент вице-спикери Чен Кеже (2000), амалдор Вен Сян (2010) бор. 2024 йил декабр ойида тахминан 3 миллиард юан миқдорида ўғирлик қилганликда айбланиб, судланган собиқ амалдор Ли Сзянпинга нисбатан ўлим жазоси ижро этилди.

Хитой ўлим жазоси кенг қўлланиладиган кам сонли давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. Коррупциядан ташқари, олий жазо қотиллик, гиёҳванд моддалар савдоси ва бошқа бир қатор оғир жиноятлар учун қўлланилади. Шу билан бирга, қатллар статистикаси давлат сири ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид