Соғлом ҳаёт | 16:54 / 30.09.2025
2136
3 дақиқада ўқилади

Зўриқиш, витамин танқислиги, ортиқча оғирлик: тизза нега қирсиллайди?

Зинадан тушаётганда ёки букилиб ўтиргандан сўнг, тиззадан қирсиллаган овоз чиқиши одамларда кўпинча хавотир уйғотади. Мазкур ҳолат турли сабаблар туфайли юзага келади ва уларнинг ҳаммаси ҳам касаллик аломати ҳисобланмайди.

Фото: iStock

Витамин ва минераллар етишмовчилиги

Организмда калций, D витамини ва магний етишмаса, суяклар ва бўғимларнинг мустаҳкамлиги пасаяди. Бу эса пай ва бўғимларнинг эластиклигини камайтиради, натижада тизза қарсиллаши кузатилади. Шу билан бирга, суяклар мўртлашади, бўғимлар тез чарчайди ва жароҳатларга мойиллик ошади.

Бу муаммони бартараф этиш учун рационни витамин ва минералларга бой озиқ-овқатлар билан тўлдириш муҳим. Масалан: сут ва сут маҳсулотлари, тухум, балиқ, ёнғоқ ва кўкатлар калций ва Д витаминига бой саналади; банан, исмалоқ ва бошқа сабзавотлар магний манбаи ҳисобланади. Зарур ҳолларда шифокор тавсияси билан қўшимча препаратлар қабул қилиш ҳам фойдали бўлади. Шу билан бирга, мунтазам жисмоний машқлар бўғимларни мустаҳкамлаш ва эластиклигини сақлашга ёрдам беради.

Суюқ пуфакчалар

Бўғим ичидаги суюқликда газ пуфакчалари ҳосил бўлади ва улар ҳаракат пайтида ёрилади. Бунинг натижасида товуш чиқиши табиий ва нормал жараёндир. Мазкур ҳолат одатда оғриқсиз бўлади ва бўғим соғлиғига зарар етказмайди.

Товуш кўпинча тизза, бармоқ бўғимларида сезилади. У бўғим ичидаги газнинг (асосан азот) суюқлик билан бирга сиқилиши ва бўғим ҳаракати натижасида ёрилиши билан боғлиқ. Шу сабабли, бундай товушлар одатда хавфсиз ҳисобланади ва даволанишни талаб қилмайди.

Ортиқча зўриқиш ва оғирлик

Спорт билан мунтазам шуғулланувчилар ёки жисмоний меҳнат қилувчилар орасида тиззада қирсиллаш ва товуш пайдо бўлиши кўпроқ кузатилади. Бу ҳолат бўғимларга ортиқча юк тушиши, суяк ва бўғим сатҳлари ишқаланиши билан боғлиқ.

Шунингдек, оғир вазн тиззага қўшимча босим беради ва бириктирувчи қисм юзаларининг яроқсизланишига сабаб бўлади. Натижада бўғимлар ҳаракати пайтида қирсиллаш, товуш чиқиши ва баъзан енгил ноқулайлик сезилиши мумкин. Муаммони камайтириш учун ортиқча вазнни назорат қилиш ва енгил машқлар бажариш тавсия этилади.

Касалликлар билан боғлиқ сабаблар

Агар қирсиллаш мунтазам бўлса ва оғриқ, шиш, қотиш билан бирга кузатилса, бу қуйидаги касалликлар белгиси бўлиши мумкин:

- Артроз (гонартроз): бўғим хафтагининг емирилиши;

- Артрит: бўғимда яллиғланиш;

- Тоғай (мениск) шикастланиши: спорт машғулотлари билан кўп шуғулланиш ёки жароҳатлар натижаси;

- Остеохондроз: умуртқа ва бўғим касалликлари туфайли тиззага юк тушиши.

Қирсиллаш билан бирга оғриқ, шиш кузатилса, ҳаракат пайтида тизза “қотиб қолса” ёки узилиб кетгандек бўлса, шифокорга мурожаат қилиш зарур.

Мавзуга оид