Тиббиётда бу симптомнинг юзага келишига бир неча омиллар туртки бўлиши таъкидланади: яллиғланиш (артрит), тоғайнинг емирилиши (артроз), мушак-суяк тизимидаги жароҳатлар, ортиқча вазн, қон айланиш бузилиши ёки буйрак фаолиятидаги носозликлар.

Ҳаракатсизлик

Ҳозирда кўпчилик асосий вақтини офисда ўтириб, телефон ёки компютер билан ишлашга сарфлайди. Бу эса танани, айниқса, тиззаларни ҳаракатсиз ҳолатда узоқ сақланишига сабаб бўлади. Тизза бўғими суяклар орасидаги махсус суюқлик ёрдамида ҳаракатланади. Бу суюқлик суякларнинг сирпанишини таъминлаб, бўғимларни озиқлантиради. Аммо одам узоқ вақт ўтирганида мазкур суюқлик етарлича айланмайди, натижада суяклар орасидаги сирпаниш механизми бузилади. Дастлаб тиззада енгил оғриқ, қаттиқлик ёки ноқулайлик сезилади, вақт ўтган сайин эса яллиғланиш ва сурункали оғриқлар пайдо бўлади.

Узоқ ўтириш қон айланишини секинлаштиради, тизза атрофидаги мушаклар заифлашади ва бўғимга тушадиган босим ортади. Шунинг учун ҳар 30–40 дақиқада ўрнингиздан туриб, бир неча дақиқа юриш ёки чўзилиш машқларини бажариш фойдали. Энг оддий ҳаракатлар, масалан, тиззани букиб-ёзиш, айлантириш ёки енгил юриш бўғим суюқлигини ҳаракатга келтириб, оғриқнинг олдини олади.

Ортиқча вазн

Ортиқча вазн тиззаларга энг катта зарар етказадиган омиллардан бири саналади. Тиббий тадқиқотларга кўра, инсон танасидаги ҳар бир ортиқча килограмм тиззаларга тўрт баробар кучли босим тушишига сабаб бўлади. Яъни, 10 килограмм ортиқча вазн тиззага 40 килограммлик қўшимча юк беради. Натижада бўғимдаги хафтага (тоғай) қатлам сийраклашади, суяклар бир-бирига ишқаланади ва тиззада оғриқ ҳосил бўлади.

Юриш пайтида тиззаларга тана вазнининг 1,5 баробари, зинадан чиқишда эса 3–4 баробаргача босим тушади. Ортиқча вазн нафақат механик юкни оширади, балки бўғим ичида яллиғланиш жараёнларини ҳам кучайтиради.

Спортдаги нотўғри юклама

Жисмоний фаолият соғлиқ учун фойдали, лекин ҳар бир машқнинг тўғри техникаси ва босқичма-босқич оширилиши зарур бўлган юкламаси бор. Агар мазкур жараён нотўғри бажарилса, масалан, елка кенглигидан тор ҳолатда чўнқайиш, оғирлик кўтаришни тўсатдан ошириш, совиш/қизиш машқларисиз кучли югуриш ёки сакраш тиззаларга ортиқча ва нотўғри юк тушади. Бундай ҳолатларда тизза хафтаги (хондрал тўқима) тезроқ эскиради, тендинит (тендон яллиғланиши), менискус йиртилиши ёки боғлам (лигамент) шикастланиши каби муаммолар пайдо бўлиши мумкин.