Жаҳон | 13:50 / 01.10.2025
3074
2 дақиқада ўқилади

FT: ЕИ Украина туфайли давлатларни қабул қилиш тартибини ўзгартирмоқчи

Европа Иттифоқи расмийлари Венгрия қаршилигига қарамай, Украина ва Молдовани ЕИга қабул қилиш бўйича техник ишларни бошлашга ҳозирлик кўрмоқда. Виктор Орбаннинг ветосини енгиб ўтиш учун Европа комиссияси тартибни ўзгартиришни таклиф қилди.

Фото: Dimitris Vetsikas / Pixabay

Евроиттифоқ расмийлари Венгриянинг доимий қаршиликларига қарамай, Украина ва Молдовани ЕИга қабул қилиш бўйича техник ишларни бошлашга тайёрланмоқда. Бу ҳақда 30 сентябр, сешанба куни Брюсселдаги хабардор манбаларига таяниб, Financial Times нашри хабар берди.

Уларга кўра, Еврокомиссия Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг ветосини четлаб ўтиш учун ўз қоидаларини ўзгартиришни таклиф қилган. Шу мақсадда у Украина ва Молдова билан бир нечта кластерларда (тематик музокаралар гуруҳлари), бундай музокараларни бошлаш бўйича расмий қарор йўқлигига қарамасдан, техник ишларни бошлашни таклиф қилади. Европа расмийларига кўра, бу келишув Киев ва Кишинёвга ислоҳотларни давом эттириш, ҳуқуқий базаларини Европа Иттифоқи стандартларига мослаштириш ва бошқа институционал тайёргарликни амалга ошириш имконини беради. Венгрия вето ҳуқуқини бекор қилгандан сўнг, расмиятчиликларни тезлаштириш мумкин, дейди газета манбалари.

Уларнинг таъкидлашича, Украина ва Молдованинг баъзида оғриқли сиёсий ислоҳотларни амалга оширишга бўлган рағбати Киев ва Кишинёвнинг саъй-ҳаракатлари эътироф этилмаса камайиши мумкин. Бироқ, ислоҳотлар бутунлай тўхтатилган муқобил вариант янада жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин, деб ҳисоблайди расмийлар. «Киев расмийлари бизга Брюсселда техник ўзгариш йўқлигини ҳатто фронтдаги аскарлар ҳам билишини айтди», деди Европа Иттифоқи дипломатларидан бири. «Биз ўзгариш йўлини топишимиз керак».

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид