Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Қизимнинг биргина гапи мени ҳаётга қайтарди” – 43 ёшида диплом олган муаллим
Раббинисо Тожиалиеванинг ҳаёт йўли анча мураккаб. Бундан бир неча йил муқаддам автоҳалокат туфайли у турмуш ўртоғи ва ўғлидан ажралади. Бахтсиз ҳодисадан кейин ота ҳовлисига қайтиб келган она қолган икки қизи учун ҳам ҳаётда кучли бўлиш кераклигини англаб етади. У 43 ёшида қизи билан олийгоҳда бирга ўқиб дипломли ҳам бўлади. Айни пайтда Раббинисо опа Риштон туманидаги 18-мактабда ўқитувчилик қилади.
Мактабсиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман...
“Ёшим 57 да, пенсияга чиққанимга уч йил бўлди, лекин мактаб, болаларсиз яшай олмайман. Ўқитувчилик шарафли касблардан бири. Ўқитувчиликнинг нонини ейишнинг ўзига яраша масъулияти бор албатта. Бу масъулиятни доимо ўзимда ҳис қиламан. Бошланғич синф ўқувчилари айниқса, беғубор бўлади. Улар билан мулоқот қилганингизда бутун қалбингиздаги бошқа бир ғуборлар тарқалади-да, ўзингиз ҳам ёш боладай бўлиб қоласиз.

Уч фарзандим бор эди. Икки қиз, бир ўғил. Бу дунё синовлари кўп экан. Турмуш ўртоғим билан ўғлим бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этишди. Икки қиз билан қолдим. Ўшанда 39 ёшда эдим. Турмуш ўртоғим 42 ёш, ўғлим эса 15 ёш эди. Ўша биринчи дақиқаларда бўлди, ҳаёт тугади энди деган ўйга борганман. Биринчи мияга келган фикр шу бўлар экан-да одамзотда. Лекин тўнғич қизимнинг “Она, биз-чи?” деган гапи ҳаётимни ўзгартириб юборди. Шу биргина сўздан кейин ўзимга келдим. Ўша дақиқадан бошлаб қийналган пайтларимда, маблағ томонидан бўладими, меҳр томониданми, шу қизимнинг “Биз-чи?” деган гапи қулоғимда жарангларди. Ҳа, иккита қизим бор-ку. Шулар учун яшайман энди бундан кейин, иложи йўқ деб қизларим учун ҳам яшай бошладим.

Катта қизим 11-синфни битирди. Биринчи, иккинчи йили ўта олмаган бўлса ҳам барибир қайтмади йўлидан, мен ҳам қайтмадим. Ўқийсан, барибир ўқийсан. Хотирингни бир жойга қўйгин. Тайёргарликни ҳам ташлаб қўйма, касбни ҳам ўрган, деб тайинлардим. Тикувчиликка ҳам бердим орада. Бичиш-тикишни ҳам ўрганиб олди. Кейин омади келди. Фарғона Давлат университетининг физика-математика факультетига ўқишга кирди.
Энди шу пайтларда ўрта махсус маълумотлиларга дарс бериш камаяётган эди. Олий маълумотлилар кўпайиб, бизнинг ўрнимизга улар ишга келиши керак эди. Лекин мен, хўп энди ўрта махсус маълумотлиман, олий маълумотли дипломим йўқ. Нима қиламан? Қизларим ўқишга кирди. Контракт, шартнома асосида ўқишга кирди. Уни пулини тўлаш керак. Нимадир қилиш керак...

Хуллас ёшим катта бўлса ҳам ўқишга ҳаракат қилдим. 2011 йил. 43 ёшда бўлганман ўша пайтда. Мен ҳам қизим қатори шартнома асосида ўқишга кирдим. Энди қизим иккамиз ўқишга биргаликда бориб келадиган бўлдик. Қизим менга маслаҳатчи. Кўрганлар, эшитганлар ҳам, “Ким бу?” дейишса, ҳазиллашиб, “Опам,” деб қўярди. Билганлар эса ҳайрон бўлишарди. Ёшимни кўриб, “Ўқитувчимисиз?” “Йўқ, ўқияпман, студентман,” десам ҳайрон қолишарди.

Бир сўз билан айтганда синовларда синмадим. Фарзандларимни чиройли қилиб тарбиялаб турмушга узатдим. Шириндан шакар невараларим бор.
Қизларимнинг эртанги ҳаётлари яхши бўлишларини ўйлаб, 43 ёшимда студент бўлдим. Ҳаёт кучли бўлишга мажбур қилди. Оиладаги икки эркакнинг кучини мен ўзим олдим ўзимга ва қизларим буни тўғри қабул қилишди.
Мени хурсанд қилгани ўғлимнинг дўстлари тез-тез ҳолимдан хабар олиб туришади. Мен эса невараларим ва бир қучоқ мактаб ўқувчилари билан ўзимни овутаман”, – дейди Раббинисо Тожиалиева.
Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров.
Мавзуга оид
13:56 / 27.11.2025
Олий таълимда аёл профессор-ўқитувчилар улуши 46 фоизга етди
13:15 / 08.11.2025
Қозоғистонлик ўқитувчилар ChatGPT’дан бепул фойдаланишади
22:07 / 12.10.2025
Ўқитувчилар учун малака тоифа синовлари ўтказиладиган саналар белгиланди
14:50 / 01.10.2025