Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ урушга тайёрланмоқчи. Қайси урушга?
АҚШ президенти ва уруш вазири ғалати йиғилиш ўтказди. Улар бутун дунёдан америкалик генералларни тўплаб, Пентагоннинг бундан кейинги ягона миссияси – урушга тайёрланиш эканини эълон қилишди. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий шарҳловчилар Камолиддин Раббимов ва Шуҳрат Расул Вашингтон наздидаги рақиблар ҳақида сўз юритди.
— АҚШнинг бугунги эътибори қайси нуқталарда: Вашингтонга қайси давлат хавф туғдириши мумкин?
Камолиддин Раббимов: Бугунги кунда Америка Қўшма Штатларига бевосита ҳарбий таҳдид қилаётган давлат йўқ. Потенциал жиҳатдан таҳдид қилиши мумкин бўлган давлатларнинг имконияти эса таққослаганда анча заиф. Шунга қарамай, АҚШ геостратеглари узоқ йиллардан бери Хитойни дунёдаги асосий иқтисодий, сиёсий ва геосиёсий рақиб сифатида кўриб келади.
10-20 йил аввал Хитойнинг ҳарбий қудрати АҚШга жиддий хавф туғдирмайди, деган қараш кучли эди. Аммо сўнгги йилларда Хитой жадал суръатларда қуролланмоқда, чунки куч фақат иқтисодиёт ёки технологиядан иборат эмас, демография ва армия салоҳияти ҳам муҳим омиллардир. Ҳозирда Ҳиндистон дунёдаги энг катта аҳолига эга давлат бўлса, ундан кейин Хитой ва учинчи ўринда АҚШ туради. Ғарбий Европа, Япония ва Жанубий Корея каби мамлакатларда демографик ўсиш суст ёки пасайиб бораётган бир пайтда, АҚШ аҳолиси мунтазам ошиб бормоқда. Бунга туғилиш даражасининг нисбатан юқорилиги ҳамда ҳар йили Green Card дастури орқали миллионлаб муҳожирларни қабул қилиши сабаб бўлмоқда. Шу йўл билан АҚШ аҳолиси XXI аср ўрталарига бориб 400-500 миллионга етишини режалаштирган. Энг муҳими, мамлакат муҳожирларни бир миллат ёки конфессияга чеклаб қўймай, турли халқлардан келган одамларни ўз жамиятига ассимиляция қилади.
АҚШ стратегиясида Хитой масаласига ёндашув кескин ўзгарган. Аввал Хитойни глобал тизимга жалб қилиш орқали ҳамкор сифатида кўриш ғояси устун эди. Аммо Хитой демократияга ўтмай, мустақил куч сифатида шаклланаётгани сабабли энди унга қарши туриш сиёсати олиб борилмоқда. Бу жараён Обама даврида бошланган бўлиб, кейинчалик Трамп, Байден ва яна Трампнинг иккинчи муддатида давом этяпти. Ҳар икки партиядан сайланган президентларнинг ҳаммаси Хитойни тизимли рақиб сифатида кўриб, иқтисодий ва сиёсий чоралар қўлламоқда.
Бундай шароитда Хитой табиий равишда ҳарбий қудратини оширмоқда, чунки манфаатларини ҳимоя қилиш ва глобал рақобатда ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун кучли армияга эга бўлиш зарур. Шу боис АҚШнинг кейинги стратегияси Хитойни янада қатъийроқ тийиб туришга қаратилиши мумкин.
Россия эса алоҳида мавзу. 2022 йилдан кейин, яъни Украинага бостириб киргач, АҚШ уни очиқчасига “душман” деб атамоқда. Аммо стратегик жиҳатдан Россия ресурслари Хитойникига нисбатан ўн баробар заиф деб баҳоланади. Шу сабабдан Россиянинг агрессив сиёсати заифлик натижаси сифатида изоҳланмоқда. Хитой эса узоқ муддатли стратегияга эга, иқтисодиёти ва демографияси кучли, ресурсларга бой. Шу сабабли АҚШ учун у Россияга қараганда хавфлироқ стратегик рақиб сифатида кўрилмоқда.
Шуҳрат Расул: Америкада ҳар беш йилда хавфсизлик ва ҳарбий доктрина қайта кўриб чиқилади. Бу ҳужжат ҳокимиятда ким бўлишига қараб ҳам ўзгаради. Масалан, Трампнинг биринчи президентлик даврида доктринага ўзгартириш киритилиб, асосий душман сифатида Россия эмас, балки Хитой тилга олинган эди. Аввалги ҳужжатларда эса доимий хавф манбайи сифатида Россия кўрсатиларди. Кейинчалик Россия–Украина уруши бошлангач, Байден даврида доктрина янгиланди ва “биринчи душман” сифатида Россия қайд этилди. Хитой эса иқтисодий ва геосиёсий жиҳатдае асрсий рақиб мақомида кўрсатилди.
Хитой 2035 йилгача армиясини қайта қуроллантириш дастурини амалга оширмоқда. Ушбу стратегик мақсадга кўра, Хитой армияси дунёда ҳеч бир давлат томонидан енгилмайдиган даражага етиши, ҳаттоки АҚШ билан тенг шароитда уруш олиб бориши керак. Бу, табиийки, АҚШни жиддий ташвишга солмоқда.
Сўнгги йилларда Хитойнинг технологик, фуқаровий ва иқтисодий юксалиши, айниқса, юқори технологиялар ва электроника соҳасидаги тараққиёти уни АҚШга тобора яқинлаштирмоқда. Трамп ҳам нутқида Хитой армияси яқин йилларда иккинчиги қудратли армияга айланиши мумкинлигини таъкидлади.
Бошқа куч марказларига тўхталадиган бўлсак, Ҳиндистон иқтисодий жиҳатдан тез ўсаётган бўлса-да, Хитой сингари узоқ муддатли қуролланиш дастурига эга эмас. Шунга қарамай, у ҳам пойгада қатнашиб, бешинчи авлод самолётларини ишлаб чиқишга яқинлашди, флотини кучайтирмоқда ва янги авиаташувчилар қурмоқда.
Европа Иттифоқи ҳозирги ҳарбий бюджетини ошириш орқали яқин йилларда қудрати жиҳатидан АҚШдан кейинги етакчи кучга айланиши мумкин. Шундай қилиб, келажакда энг йирик ҳарбий кучлар қаторига АҚШ, Хитой, Европа Иттифоқи ва Ҳиндистон кириши кутилмоқда. АҚШ ўз доктриналарида ҳеч қачон Ҳиндистонни рақиб сифатида кўрмаган, Европа Иттифоқи билан муносабатлар эса фундаментал даражада савол остига олинмайди. Шу тариқа, глобал миқёсда асосий рақобатбардош кучлар барибир икки давлат, яъни Россия ва Хитой бўлиб қолмоқда.
Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.