АҚШ президенти ва уруш вазири ғалати йиғилиш ўтказди. Улар бутун дунёдан америкалик генералларни тўплаб, Пентагоннинг бундан кейинги ягона миссияси – урушга тайёрланиш эканини эълон қилишди. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий шарҳловчилар Камолиддин Раббимов ва Шуҳрат Расул Вашингтон наздидаги рақиблар ҳақида сўз юритди.

АҚШнинг бугунги эътибори қайси нуқталарда: Вашингтонга қайси давлат хавф туғдириши мумкин?

Камолиддин Раббимов: Бугунги кунда Америка Қўшма Штатларига бевосита ҳарбий таҳдид қилаётган давлат йўқ. Потенциал жиҳатдан таҳдид қилиши мумкин бўлган давлатларнинг имконияти эса таққослаганда анча заиф. Шунга қарамай, АҚШ геостратеглари узоқ йиллардан бери Хитойни дунёдаги асосий иқтисодий, сиёсий ва геосиёсий рақиб сифатида кўриб келади.

10-20 йил аввал Хитойнинг ҳарбий қудрати АҚШга жиддий хавф туғдирмайди, деган қараш кучли эди. Аммо сўнгги йилларда Хитой жадал суръатларда қуролланмоқда, чунки куч фақат иқтисодиёт ёки технологиядан иборат эмас, демография ва армия салоҳияти ҳам муҳим омиллардир. Ҳозирда Ҳиндистон дунёдаги энг катта аҳолига эга давлат бўлса, ундан кейин Хитой ва учинчи ўринда АҚШ туради. Ғарбий Европа, Япония ва Жанубий Корея каби мамлакатларда демографик ўсиш суст ёки пасайиб бораётган бир пайтда, АҚШ аҳолиси мунтазам ошиб бормоқда. Бунга туғилиш даражасининг нисбатан юқорилиги ҳамда ҳар йили Green Card дастури орқали миллионлаб муҳожирларни қабул қилиши сабаб бўлмоқда. Шу йўл билан АҚШ аҳолиси XXI аср ўрталарига бориб 400-500 миллионга етишини режалаштирган. Энг муҳими, мамлакат муҳожирларни бир миллат ёки конфессияга чеклаб қўймай, турли халқлардан келган одамларни ўз жамиятига ассимиляция қилади.

АҚШ стратегиясида Хитой масаласига ёндашув кескин ўзгарган. Аввал Хитойни глобал тизимга жалб қилиш орқали ҳамкор сифатида кўриш ғояси устун эди. Аммо Хитой демократияга ўтмай, мустақил куч сифатида шаклланаётгани сабабли энди унга қарши туриш сиёсати олиб борилмоқда. Бу жараён Обама даврида бошланган бўлиб, кейинчалик Трамп, Байден ва яна Трампнинг иккинчи муддатида давом этяпти. Ҳар икки партиядан сайланган президентларнинг ҳаммаси Хитойни тизимли рақиб сифатида кўриб, иқтисодий ва сиёсий чоралар қўлламоқда.

Бундай шароитда Хитой табиий равишда ҳарбий қудратини оширмоқда, чунки манфаатларини ҳимоя қилиш ва глобал рақобатда ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун кучли армияга эга бўлиш зарур. Шу боис АҚШнинг кейинги стратегияси Хитойни янада қатъийроқ тийиб туришга қаратилиши мумкин.