Жаҳон | 23:20 / 04.10.2025
4473
2 дақиқада ўқилади

Гуржистонда сайлов куни намойишчилар президент саройини эгаллашга уринди

Махсус кучлар сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланди.

Фото: Irakli Gedenidze / Reuters / Scanpix / LETA

Гуржистонда муниципал сайловлар бўлиб ўтаётган 4 октябр куни кечқурун Тбилисида кенг кўламли норозилик намойишлари бошланди. Намойишчилар Атонели кўчасидаги (Орбелиани саройи номи билан машҳур) президент саройи панжарасини бузиб, ҳовлига кирди. Намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берди. Полиция сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди.

Гуржистоннинг бешинчи президенти Саломе Зурабишвили Орбелиани саройи яқинида содир бўлаётган воқеаларни фарс ва тинч намойишларни обрўсизлантириш мақсадида режим ўрнатиш деб атади. Зурабишвили Гуржистон мухолифати билан биргаликда ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси ғалаба қозонган 2024 йилги парламент сайловлари натижаларини тан олмайди. Шунингдек, у 2024 йил декабр ойида Гуржистоннинг янги президенти Михаил Кавелашвили сайланганини тан олмайди ва ўзини қонуний давлат раҳбари деб ҳисоблашда давом этмоқда.

Муниципал сайловлар 4 октябр куни бутун мамлакат бўйлаб бир вақтнинг ўзида бўлиб ўтди. «Гуржистон орзуси» уларнинг расмий натижаларини кутмай, ўз ғалабасини эълон қилди. «Имеди» телеканали экзит-полл маълумотларига кўра, Тбилиси мэри лавозимини «Гуржистон орзуси» вакили Каха Каладзе сақлаб қолган.

Гуржистон мухолифатининг норозилик намойишлари 2024 йил октябр ойида бўлиб ўтган парламент сайловларидан бери давом этмоқда. Бош вазир Ираклий Кобахидзе бошчилигидаги «Гуржистон орзуси» улар устидан ғалаба қозонганини эълон қилди. Мухолифат эса сайловлар сохталаштирилганини, ҳукмрон партия мамлакатда диктатура ўрнатишга интилаётганини таъкидламоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид