Жаҳон | 14:05 / 05.10.2025
10723
3 дақиқада ўқилади

ОАВ Тунберг Исроилда оғир шароитларда ушлаб турилганини хабар қилди

У ўзини кўришга келган швециялик дипломатга камерадаги қандалалардан азият чекаётгани, сувсизликдан қийналаётгани ҳақида айтиб берган. Бундан ташқари, гувоҳларнинг сўзларига кўра, уни Исроил байроғини кўтариб суратга тушишга мажбурлашган.

Фото: Israel Foreign Ministry / Reuters

Швециялик экофаол Грета Тунберг Исроил раҳбарияти уни қандалалар бор камерага қамаб қўйгани, етарлича озиқ-овқат ва сув бермаётгани ҳақида шикоят қилган. Бу ҳақда Тунбергнинг Швеция расмийлари билан ёзишмаларидан хабардор бўлган The Guardian нашри хабар бермоқда.

Швеция элчихонаси дипломати Тунберг сақланаётган камерага борган. Унинг Швеция Ташқи ишлар вазирлигига юборган электрон хатида айтилишича, Тунберг «шафқатсиз муносабат ҳақида гапириб берган ва қаттиқ жойда узоқ вақт ўтиришига тўғри келгани»ни айтган. «У [Тунберг] дегидратация (сувсизланиш) ҳақида хабар берди. Унга етарлича сув ва озиқ-овқат беришмаган. Шунингдек, у ўзида тошма пайдо бўлганини, уни қандалалар келтириб чиқарган деб гумон қилганини айтди», – деб ёзади дипломат.

Бундан ташқари, ёзишмага кўра, қўлга олинганлардан бошқа бири Исроил хавфсизлик кучлари Тунбергни Исроил байроғини кўтарган ҳолда суратга тушишга мажбур қилишганини айтган.

​Малайзиялик фаол Ҳазвани Ҳелми ва америкалик Виндфилд Бивер эса Тунберг «Исроил байроғини ўпишга мажбурлангани»ни айтишган.

«Бу фожиа эди. Улар бизга ҳайвонлардек муносабатда бўлишди», деган Ҳелми уларга тоза сув, озиқ-овқат ва дори-дармон берилмаганини таъкидлаб.

​Италиялик журналист Лорензо Агостино ҳам Тунбергга нисбатан муносабатни танқид қилди.

«Грета Тунберг – жасур қиз. У атиги 22 ёшда. Уни хўрлаб, Исроил байроғига ўраб, ғалаба рамзидек кўрсатишди», дейди у.

Тунберг Global Sumud Flotilla (GSF) флотилияси билан Ғазога йўл олган 437 нафар фаоллар, парламентарийлар ҳамда ҳуқуқшунослар орасида эди. Исроил ТИВ флотилия фаластинликларнинг Ҳамас гуруҳига алоқадорлигини айтган.

1 октябр куни Исроил флотилиянинг йўли тўсиб қўйилганини хабар қилди, 3 октябр куни эса фаолларнинг тўрт нафари мамлакатдан чиқариб юборилгани, 4 октябр куни яна 137 киши Истанбулга депортация қилингани ҳақида хабар берилди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид