Спорт | 09:31 / 06.10.2025
10195
2 дақиқада ўқилади

Фото: Фабио Каннаваро Тошкентда

У бугун футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоасининг янги бош мураббийи сифатида таништирилиши мумкин.

Фото: ЎФА

Ўзбекистон футбол ассоциацияси футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийлигига номзод Фабио Каннаваро мураббийлар штаби аъзолари билан бирга Тошкентга етиб келгани ҳақида хабар берди.

Италиялик мутахассис бугун миллий жамоанинг янги бош мураббийи сифатида эълон қилиниши кутилмоқда.

У миллий жамоани 2025 йил февралидан буён бошқариб келаётган Тимур Кападзе ўрнини эгаллайди ва жамоани ЖЧ-2026 турнирига тайёрлайди. Манбалар Кападзе ҳам унинг штабидан жой олиши мумкинлиги ҳақида хабар берган.

Шунингдек, Россиядаги спорт нашрларида 52 ёшли мутахассиснинг маоши мураббийлар штаби харажатлари билан қўшиб ҳисоблаганда йилига 4 миллион евро атрофида бўлиши ҳақида хабар тарқатганди.

Аввалроқ ЎФА ушбу мутахассис билан билан музокаралар ўтказаётганини тасдиқлаган, аммо ОАВда бу масалада тарқалаётган норасмий хабарларга ишонмасликни чақирганди.

Ҳозирча келишув тафсилотлари номаълум, аммо ОАВда тарқалган хабарларга кўра у билан аввалига бир йиллик шартнома тузилади, кейинчалик келишув муддати узайтирилиши мумкин.

Маълумот учун, ЎФА сўнгги ойлар давомида миллий жамоа бошқарувига олиб келиш учун Йоахим Лёв, Фотиҳ Терим, Паулу Бенту, Славен Билич, Фернандо Сантуш каби таниқли мутахассислар билан ҳам музокаралар ўтказганди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид