Жамият | 20:19 / 06.10.2025
5340
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда йўловчи поезд юк машинаси билан тўқнашди

Поездда 216 нафар йўловчи бўлган. Уларга жароҳат етмаган. Юк машинаси ҳайдовчиси эса шифохонага жўнатилган. Бу сўнгги 2 ойда Қорақалпоғистонда йўловчи поезднинг юк машинаси билан тўқнашган иккинчи ҳолати.

Фото: Видеодан кадр

Қорақалпоғистонда йўловчи поезд юк машинаси билан тўқнашди. Ҳолат юзасидан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ахборот хизмати изоҳ берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса бугун, 6 октябр куни соат 15:31 да Тўрткўл ва Элликқалъа станциялари ўртасидаги 531-километрда жойлашган қўриқланмайдиган темирйўл кесишмасида содир бўлган. “Қўнғирот ‒ Андижон” йўналишидаги 128-сонли йўловчи поезди “КамАЗ” русумли юк машинаси билан тўқнашиб кетган. Юк машинаси темирйўл кесишма сигнал белгиларига қарамасдан ҳаракатланган.

Машина ҳайдовчиси шифохонага жўнатилган. Йўловчи поездида 216 нафар йўловчи бўлиб, уларнинг соғлиғига зарар етмаган. Тепловоз поездни олиб кетолмаслиги сабабли ЎзТE16М2 русумли 025 сонли тепловоз соат 16:15 да воқеа жойига жўнатилган.

Ҳодиса жойига тегишли раҳбарлар ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимлари етиб борган. Ҳозирда суриштирув ишлари давом этмоқда.

Олдинроқ ҳам Қорақалпоғистонда “Қўнғирот ‒ Андижон” йўналишидаги поезд “КамАЗ” билан тўқнашган, бунинг оқибатида тепловоз релсдан чиқиб кетганди.  

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид