Жаҳон | 18:35 / 07.10.2025
8056
2 дақиқада ўқилади

Эронда аёлларга рўмол ўраш мажбурияти бекор қилинди

Бундан буён ахлоқ полицияси аёлларни бошини ёпмагани учун жазоламайди.

Фото: NurPhoto

Эронда аёллар учун рўмол ўраш мажбурияти бекор қилинди - энди унинг йўқлиги учун жарима солинмайди ва ҳуқуқий санкциялар қўлланилмайди. Бу ҳақда Эроннинг мақсадга мувофиқликни баҳолаш кенгаши аъзоси Муҳаммадризо Баҳонар маълум қилди.

«Юридик ва ҳуқуқий нуқтаи назардан ҳижоб тўғрисидаги қонун лойиҳаси энди ижро этилмайди. Эронда энди ҳижоб кийишнинг қонуний мажбурияти йўқ ва бу ҳеч қандай жарима, жазо ёки бошқа ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди. Агар муаммолар юзага келса, полицияга ҳам шундай деб айтинг», деди у журналистларга.

Баҳонарнинг таъкидлашича, ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос кийиниш одатлари бор, уларга риоя қилиш керак, шунингдек, ҳукумат қарорлари ҳам бор. Шу билан бирга, «баъзи одамлар ҳижобнинг мажбурий бўлишига эришмоқда», парламент биноси олдида митинглар ўтказмоқда.

«Биз уларни жим бўлишга чақирмаймиз. Гап тизимнинг миллий ечимлари ҳақида кетмоқда. Ҳозирда тизимнинг умумий ечими шундан иборатки, «Ҳижоб тўғрисида»ги қонун мажбурий эмас», деди у.

Аввалроқ, Эрон президенти Масъуд Пизишкиён ҳам ҳижоб тўғрисидаги қонунни ижро этиш бўйича зўравонлик чораларига қарши чиқиб, «куч ишлатиш усуллари билан одамларни ҳижоб кийишга мажбурлаб бўлмаслигини», ўтмишда бу усулларни қўллаб, уларни ҳижобдан воз кечишга мажбурлаб бўлмаганини айтган эди.

Таъкидланишича, ҳижоб тўғрисидаги қонуннинг ўзи эмас, балки аёллар ва қизлар учун ҳижобни мажбурий кийиш талаби бекор қилинди, бу уларга бош кийим кийиш ёки киймасликни танлаш имконини беради.

Мақсадга мувофиқликни баҳолаш кенгаши - Эрон олий раҳбари ҳузуридаги маслаҳат органи. Ушбу органнинг вазифасига Конституция қўриқчилари кенгаши ва мажлис ўртасидаги низоли вазиятларни ҳал қилиш киради. Кенгаш таркиби 25 кишидан иборат.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид