Жаҳон | 08:12 / 07.10.2025
4889
2 дақиқада ўқилади

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокараларнинг биринчи босқичи бўлиб ўтди

Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрида Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокараларнинг биринчи раунди «ижобий муҳитда» якунланди. Музокаралар 7 октябрда давом этиши кутилмоқда. Трамп икки томон тез орада келишувга эришишига умид билдирди.

Фото: AFP

Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрида Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ташкилоти ўртасида тинчлик музокараларининг биринчи раунди якунланди. Бу ҳақда Reuters 7 октябр, сешанбага ўтар кечаси Фаластин расмийсига таяниб хабар берди.

6 октябр кунги музокаралар чоғида ҲАМАС бошқа нарсалар қатори гаровга олинганларни озод қилиш жараёнига оид қарашини, шунингдек, Исроил қўшинларини Ғазо секторидан олиб чиқиш кўлами ва жадвалини баён қилди. Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлар томонидан террорчи ташкилот деб топилган ташкилот, шунингдек, Исроилнинг доимий ўт очишни тўхтатиш ва қўшинларни тўлиқ олиб чиқиши масаласи бўйича хавотир билдирди.

Шунга қарамай, музокараларнинг биринчи раунди «ижобий муҳитда» якунланди, деб ёзади dpa араб ОАВга, AFP эса Миср давлат матбуотига таяниб. Томонлар музокараларни 7 октябр куни давом эттириши кутилмоқда.

Шарм аш-Шайхдаги музокаралар 6 октябр куни бошланди. Томонлар биринчи навбатда Трамп маъмурияти томонидан 29 сентябрда таклиф этилган Ғазо секторидаги урушни тугатиш бўйича 20 банддан иборат режани муҳокама қилмоқда. Бошқа нарсалар қатори, унда ҲАМАС томонидан гаровга олинган исроилликларни озод қилиш ва Исроил армиясини Фаластин ҳудудидан босқичма-босқич олиб чиқиб кетиш талаб этилади. Исроил, ўз навбатида, умрбод қамоқ жазосини ўтаётган 250 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилиши керак.

Сентябр ойи охирида Вашингтонга ташрифи чоғида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Трампнинг режасини қўллаб-қувватлаган эди. ҲАМАС вакиллари ҳам октябр ойи бошида АҚШ президенти таклиф қилган фикрларга қисман рози бўлди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид