Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Андрей Бабиш: Чехия Украинага қурол учун бир крона ҳам бермайди
Партияси мамлакатдаги парламент сайловларида ғалаба қозонган чех ўнг популистлари етакчиси Андрей Бабиш Россия тажовузини қайтаришда Украинага ҳарбий ёрдам юкини Чехиядан тўғридан тўғри Европа Иттифоқига юклашга чақирди.
Фото: MARTIN DIVISEK | EPA
Агар «Норози фуқаролар акцияси» (ANO) партияси Чехия парламенти қуйи палатасида ҳукмрон коалицияни тузишга муваффақ бўлса, унда мамлакат бюджетидан Украинага ҳарбий ёрдам учун маблағ ажратиш тўхтатилади. Бу ҳақда 8 октябр, чоршанба куни Прагада бўлиб ўтган матбуот анжуманида партия етакчиси, миллиардер Андрей Бабиш маълум қилди, деб хабар беради České Noviny.
Бабишнинг сўзларига кўра, Чехия аллақачон Европа Иттифоқи бюджетига «60 миллиард» ҳисса қўшяпти, бу Украинага урушда ёрдам беради. «Биз Украинага қурол-яроғ учун бир крона ҳам (бюджетдан) бермаймиз», — дея сиёсатчи сўзларини келтиради České Noviny. «Чехия учун пулимиз йўқ. Ўйлайманки, биз Украинага тўғридан тўғри ёрдам бердик, энди уларга Европа Иттифоқи орқали ёрдам берилади».
Андрей Бабиш, шунингдек, Чехиянинг Украина армияси учун снарядлар ва ўқ-дорилар сотиб олиш ташаббусини тўхтатишга яна бир бор ваъда берди. Унинг сўзларига кўра, ташаббуснинг ўзи «оддий», лекин уни мудофаа иттифоқи сифатида бевосита НАТОга аъзо давлатлар ҳал қилиши керак.
Сиёсатчи, шунингдек, Украина учун снарядлар сотиб олиш жараёни шаффоф эмаслигини ва хусусий компания ундан «ўн миллиардлаб даромад олганини» даъво қилди. Бабиш бошқа тафсилотларни келтирмади.
ОАВ хабарларига кўра, 2024 йилда Украина «Чехия ташаббуси» доирасида 1,5 миллион, 2025 йилда эса 1,1 миллион артиллерия снарядлари олган. Умуман олганда, ташаббус Киевнинг иттифоқчилари томонидан молиялаштирилган Украина Қуролли кучлари учун 3,5 миллион артиллерия снарядларини сотиб олишни қоплашга қаратилган. Аввалроқ Чехия ташқи ишлар вазири Ян Липавскийнинг тушунтиришича, мамлакат бу ташаббусни айнан НАТОда бунинг учун зарур аппарат йўқлиги сабабли ўз зиммасига олган.