Жамият | 11:56 / 09.10.2025
5758
3 дақиқада ўқилади

Сотилмайдиган санъат – инсон ботинидаги суд жараёни “Кафка ва К” моноспектаклида

Самарқандда 24 киши учун спектакл қўйган “Шамси-Қамар” театри ҳақиқий санъат пул билан эмас, фидойилик билан яратилишини кўрсатди. Уларнинг “Кафка ва К” моноспектали 70 дақиқа давомида томошабинни жойига “михлаб қўяди” – руҳ ва онг майдонида кечадиган суд жараёнидек таъсир қилади.

Очиғи, ўзимни замонавий, янгиликларни қабул қила оладиган ва шу билан бирга яхши анъаналарга содиқ зиёлиман деб билардим. Ўзи шунақа, ўзимизга келганда ижобий ва албатта, тезроқ хулоса қиламиз...

Шу вақтгача “Шамси-Қамар” театр-студияси ҳақида билмас эканман. Молиявий ва маънавий томондан мустақил бўлган бу театр ташкил топганига ҳам 15 йилдан ошибди.

Ушбу театр жамоаси 6-11 октябр кунлари Самарқандда бўлиб турибди. Самарқанд шаҳридаги Art Station залида моноспектакл қўйяпти. Кеча “Кафка ва К”ни томоша қилдим.

Кафканинг асарларини бир неча марта ўқиганман, “Жараён”, “Эврилиш”, “Отамга хат”... Кафка услубан жуда шафқатсиз ёзади, буни кўпчилик китобхон яхши билади. Ўзини ҳам, сизни ҳам аёвсиз фош этади. Айтишни истамаганларингиз, эслашга уяладиганларингизни тилга чиқаради.

Кафка асарлари асосида тайёрланган “Кафка ва К” моноспектали 70 дақиқа давомида сизни жойингизга “михлаб қўяди”. Руҳингизни бурмалайдиган асар. Жамоа Кафкани ўзбеклаштирган.

Art Station’нинг кичикроқ залида ушбу спектаклни 24-26 чоғли одам кўрдик. Театр жамоаси томошаларини кенг омма учун мўлжалламаяпти. Аминманки, улар пул учун ижод қилмаяпти, чунки биз, йигирма чоғли одам тўлаган пул жой ижараси учун ҳам етмаслиги тайин.

Спектаклдан сўнг жамоа билан суҳбатлашдик, фикр алмашдик. “Томошаларни оммалаштирсаларингиз бўларкан, енгил нарсалар кўпайиб кетди. Омма оддий-бачкана нарсаларни қабул қиляпти, ўрганиб қоляпти. Ижодкорлар мияни қийнамаяпти, сийқа нарсаларни олиб чиқиш кўпайди. Дидимиз ўтмаслашяпти, майдалашиб кетдик”, дедим.

“Санъат сотилмаслиги керак. Санъатнинг баҳоси йўқ. Бизни ўз томошабинларимиз қаерда бўлсак ҳам топиб кўришади. Бу ишларни пул топиш учун қилмаяпмиз. Шунинг учун ҳам актёрлар бизда узоқ ишлаб кетолмайди. Ижодий ва молиявий мустақил бўлмасанг, асл санъатни ярата олмайсан”, – дейди “Шамси-Қамар” раҳбари Қамариддин Ортиқов.

“Кафка ва К” моноспекталида бир киши иштирок этади – ўғил. Бу ролни Мухтор Асроров ижро этган. Унинг ижросига қандайдир таъриф бериш ортиқча, қандай бўлиши керак бўлса, худди шундай ўйнади ролини.

“Сўзимни олти ой давомида ёдладим”, – деди Мухтор.

Ғалати-я! Чунки улар ҳақиқий санъат учун ишлаяпти, ҳозирги замонда бу камёб ҳодиса. Бу жамоа қандайдир бошқа бир параллел оламда яшаётгандек. Одамни шу нарса хурсанд қиладики, ҳақиқий санъатнинг оз бўлса-да, доим ихлосмандлари бор.

Исомиддин Пўлатов

Тайёрлаган:  Исомиддин Пулатов

Мавзуга оид