Жаҳон | 20:46 / 09.10.2025
9343
6 дақиқада ўқилади

Туркий давлатлар саммити: ташкилот қай томон кетмоқда?

Инсоният тарихида янги давр бошланди – бу глобал боғлиқликлар даври. Бундан кейин хавфсизликни таъминлаш, ривожланиш ва рақобатдош бўлиш учун катта ҳамжамиятлар шакллантира олиш, кучларни бирлаштириш ва қудрат ярата олиш – ҳал қилувчи омил бўлади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

7 октябр куни Озарбойжоннинг Габала шаҳрида Туркий Давлатлар Ташкилотининг 12-саммити бўлиб ўтди. Унда, ташкилотга аъзо Ўзбекистон, Озарбойжон, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон президентлари ҳамда кузатувчи давлатлар ҳисобланмиш Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси, собиқ президент Бердимуҳаммедов ҳамда Венгрия бош вазири Виктор Орбан иштирок этди.

Саммитнинг номи “Минтақавий тинчлик ва хавфсизлик” деб номланди. Бундай номланиш минтақадаги беқарорлик ва геосиёсий зўриқишларга ишора эди. ТДТ раислиги Қирзиғистондан Озарбойжонга ўтди. Келаси саммит Туркияда бўлиб ўтиши, норасмий саммит эса Қозоғистонда режалангани билдирилди.

Шу ўринда ҳар қандай оддий ўзбекистонликда “нега бу каби ташкилот керак?” деган оддий савол туғилиши табиий.

Инсоният тарихида янги давр бошланди – бу глобал боғлиқликлар даври. Бундан кейин хавфсизликни таъминлаш, ривожланиш ва рақобатдош бўлиш учун катта ҳамжамиятлар шакллантира олиш, кучларни бирлаштириш ва қудрат ярата олиш – ҳал қилувчи параметр ҳисобланади. Бирлашув учун энг кучли ва табиий платформа эса бу ўзликлар ҳисобланади. Ўзликлар – муштарак тил, тарихий боғлиқлик, диний бирлик ёки яқинлик кабилар орқали шаклланади.

Мисол учун, замонавий дунёда тили, дини, тарихий яқинлиги асосида шаклланган бир қанча ҳамжамиятларни келтириш мумкин. Англасаксонлар: АҚШ, Бирлашган Қироллик, Канада, Австралия ва Янги Зеландия – буларнинг бари инглиз тилида гаплашади, протестант мазҳабига эътиқод қилади. Гарчи англасаксонлар ўртасида битта кучли халқаро ташкилот тузилмаган бўлса-да, бу давлатларнинг икки тарафлама ва кўп тарафлама ҳамкорлиги жуда юқори даражада. Булар – жуда кучли ва табиий иттифоқчилар.

Ёки, испан тилли давлатлар. Жанубий ва Марказий Америкада бир қанча испан тилли давлатлар мавжуд бўлиб, бу давлатларнинг тарихий маркази – Испания. Бу давлатлар ўзаро муштараклик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун “Испанидад” ташкилотини ҳам тузишган. Француз тилида гаплашувчи жамиятлар эса “Франкофония”га бирлашган. Португал тилида гаплашадиган давлатлар ўртасида ҳам норасмий жуда кучли ҳамкорлик ва иттифоқчилик лойиҳалари жуда кучли.

Хўш, англасаксонлар, испан ёки португал тилли давлатлар алоҳида халқаро ташкилот тузмасдан, ўзаро ҳамкорликни юқори даражада амалга ошириб келяпти экан, нега туркий давлатлар ўзаро ҳамкорлик учун ташкилот тузишди? Бу нима учун керак эди? Бунинг сабаблари бир қанча.

Биринчидан, ташкилот – ҳамкорликни расмийлаштиришнинг энг юқори ва барқарор кўриниши. Давлатларда ҳокимиятлар ўзгариб туради, ҳокимият ўзгариши билан сиёсий кайфиятлар ҳам ўзгариши мумкин. Давлатлар ташкилот тузиб, ўзлари учун маълум мажбуриятлар олар экан – ўзаро ҳамкорликни кайфиятга эмас, механизмга айлантиради.

Иккинчидан, ташкилот – ташқи дунёга ҳам керакли муждаларни, сигналларни беради. Бир қанча давлатлар халқаро мақомдаги ташкилот тузар экан, бу бирлашув атрофдаги бошқа, эҳтимолий тажовузкор давлатларга ҳам мужда бериб, бирлик ва жипслик ҳақида эслатиб туради.

Учинчидан, дунё туркийлари – сайёрамизнинг энг катта қитъаси ҳисобланмиш Евросиёнинг жуда кенг сарҳадларига сочилган халқлар, миллатлар ва давлатлар ҳисобланишади. Географик узоқликни инобатга олган ҳолда, ўзаро ҳамкорликни ташкилот кўринишида расмийлаштириш – географик узоқликларни бартараф қилишда муҳим эслатма ҳисобланади.

Тўртинчидан, 20-аср дунё туркийлари учун фожиалар асри бўлди. Туркиядан ташқари барча туркий халқлар, миллатлар ва давлатлар ўзларининг мустақиллигини қўлдан бой беришди. Ҳалига қадар қитьада туркий бирликка маълум потенциал таҳдидлар сақланиб қолмоқда. Ташкилот доирасида ҳақиқий бирдамлик, бирлик ва интеграцияни кучайтириб бориш – янги даврдаги яшовчанлик шарти ҳисобланади. Ҳозирги глобаллашган даврда давлатларнинг дипломатияси, геосиёсий ҳамжиҳатлиги ва жипслиги – глобал тенденцияларни белгиловчи муҳим омил ҳисобланади.

Озарбойжоннинг Габала саммитида муҳим қарорлар қабул қилинди. Жумладан, “Туркий давлатлар ташкилоти +” формати ташкил қилинди: бошқа давлатларнинг ташкилотга кирмасдан ҳамкорлик қилиш имконияти яратилди. Шунингдек, 2026 йилда Озарбойжонда туркий давлатларнинг ҳарбий ўқув машқларини ташкил қилишга келишиб олинди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бу саммитда еттита йўналиш бўйича муҳим таклифларни киритди. Айтиш керакки, Ўзбекистон иштирок этаётган ва кейинги йилларда энг самарали фаолият кўрсатаётган ташкилот ҳам айнан Туркий Давлатлар Ташкилоти бўлади. Бу ташкилот янги реаллик яратмоқда. Янги, беқарор, ишончсизликка тўйинган ва рақобатларга тўлиб тошган дунёда ТДТ туркий давлатларни янги халқаро субъект сифатида кўрсатиб бошлади.

20-аср дунё туркийлари учун фожиалар асри бўлган бўлса, 21-аср – дунё туркийлари учун улкан имкониятлар ва лойиҳалар асри бўлиши лозим.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид