Жаҳон | 13:16 / 09.10.2025
2714
2 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия раҳбари РФнинг гибрид урушига реакция билдиришга чақирди

Урсула фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, Россиянинг мақсади Европада «нифоқ экиш»дир. Европа комиссияси раиси ҳаво ҳужумидан мудофаа, артиллерия ва киберуруш каби тўққизта асосий йўналиш бўйича имкониятларни ошириш режасини тақдим этади.

Фото: AP

Россия Европага қарши гибрид уруш олиб бормоқда, Евроиттифоқ эса анъанавий мудофаадан ташқари бошқа чоралар билан ҳам жавоб бериши керак. Бу ҳақда 8 октябр, чоршанба куни Страсбургдаги Европарламентда Еврокомиссия (ЕК) раиси Урсула фон дер Ляйен баёнот берди.

У яқинда учувчисиз учиш аппаратлари билан ҳодисалар ҳамда Россиянинг Европа Иттифоқи ва НАТО ҳаво ҳудудини бузиши, денгиз кабелларига ҳужумлар, аэропортлар ва логистика марказларига киберҳужумлар ва сайловларга таъсир кўрсатиш учун зарарли кампанияларини эслади.

«Бу тасодифий ҳужумлар эмас», деди фон дер Ляйен. «Бу фуқароларимизни беқарорлаштириш, қатъиятимизни синаб кўриш, иттифоқимизни бўлиш ва Украинани қўллаб-қувватлашимизни заифлаштириш учун давом этаётган ва кучайиб бораётган кампания. Бу гибрид уруш», — дея унинг сўзларини келтиради Reuters.

«Россиянинг гибрид урушига қарши курашиш анъанавий мудофаадан иборат бўлиб қолмаслиги керак», — дея қўшимча қилди у. «Бу барчамиздан янгича фикрлашни талаб қилади. Биз ё Россия таҳдидларининг кучайишидан қочиб, уни кузатишимиз мумкин ёки уларга бирдамлик, жиловлаш ва қатъият билан қарши туришимиз лозим», — деди у.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид