Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Доллар гегемонлиги заифлашяпти. Евро ёки юан унинг ўрнини боса олдими?
АҚШ давлат қарзининг шиддат билан ортиб бораётгани, сиёсий беқарорлик ва савдо низолари фонида долларнинг етакчилик мавқеи пасайиб боряпти. Европа Марказий банки еврони муқобил алтернатив сифатида тарғиб қилаётган бўлса, Хитой томони юаннинг халқаро тўлов тизимидаги ўрнини кенгайтириш устида жиддий ишлаяпти. Глобал молия тизими «кўп қутбли» тартиботга қайтяптими?
2025 йилга келиб доллар гегемонлигининг пасая бошлаётгани ҳақида ҳар доимгидан ҳам кўп гапириляпти. Июн ойида Европа Марказий банки президенти Кристин Лагард АҚШ валютасининг глобал миқёсдаги ҳукмронлиги давом этишини шубҳа остига олди. Бу эса еврога молиявий майдонда янада муҳим ўрин эгаллаш имконини беради. Хитой Халқ банки раиси Пан Гуншен ҳам бир валютага ҳаддан ортиқ боғлиқлик хавфи ҳақида огоҳлантириш билан чиқди. Унинг фикрича, гегемон валютани чиқараётган мамлакатдаги иқтисодий муаммолар глобал инқирозга сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, бу валюта геосиёсий кескинлик пайтида санкция қуролига айланади.
«Соғлом рақобат зарур», деди Хитой Марказий банки раҳбари.
Пан Гуншеннинг фикрича, сўнгги йигирма йил ичида халқаро валюта тизимидаги энг муҳим воқеалар бу – евронинг жорий этилиши ва хитой юани курсининг ўсиши бўлган.
TRT’нинг ёзишича, Америка валютаси халқаро ҳисоб-китоблар ва активларда ўзининг махсус ўрнини сақлаб қоляпти. Хусусан, жорий йилнинг июн ойида SWIFT орқали ўтган тўловларнинг 58 фоизи долларда амалга оширилган. Евро бу борада иккинчи ўринда бўлса, юань эса атиги 3 фоиз билан олтинчи ўринни эгаллаган. Жаҳон савдосида ҳам АҚШ доллари фаол ишлатилади. 2023 йилда барча халқаро шартномаларнинг деярли 40 фоизи долларда имзоланган. Евронинг улуши ҳам шунча, аммо асосан Европа Иттифоқи ичидаги ва Европа–Африка ўртасидаги савдо шартномаларида. Шунингдек, дунё марказий банклари ҳам АҚШ долларини афзал кўради. Ўтган йили Марказий банкларнинг халқаро захираларида долларнинг улуши 46 фоизни ташкил этган. Бу еврода 16 фоиз, олтинда 20 фоиз.
«Дунё валюта бозоридаги битимларнинг 88 фоизи долларда амалга оширилади», дейди Whitebird биржаси бўлими раҳбари ўринбосари Ян Пинчук.
Бундан ташқари, бутун дунёдаги валюта айирбошлаш операцияларининг асоси ҳам долларга боғланган. Яъни «доллар — бошқа валюта» жуфтликлари бозорнинг 90 фоизидан ортиғини эгаллайди.
Доллар мавқейига таъсир қилган омиллар
Америка валютасининг мақоми сўнгги йилларда бир неча бор шубҳа остига олинди. Бу, асосан, 2008–2009 йиллардаги жаҳон молиявий инқирозидан бери муҳокама қилинади. Россия халқаро захираларининг музлатилиши, АҚШ давлат облигациялари рейтингининг тушиши каби омиллар бу муҳокамаларни янада кучайтирди. Айрим ҳолатларда доллар ўз етакчилигини евро ва юанга бой бераётгандек ҳам туюлганди. Шунингдек, Доналд Трампнинг биринчи президентлик даврида бошланган савдо қарама-қаршиликлари ҳам ўз таъсирини ўтказди.
Дастлаб Хитой нишонга олинган бўлса, 2025 йилга келиб юқори тарифлар деярли барча мамлакатларга қарши эълон қилинди. Шуларнинг фонида АҚШ иқтисодиёти қисман заифлашди.
Мамлакатда инфляция ўсишни бошлади — июл ойида у кўрсаткич йиллик ҳисобда 2,7 фоизни ташкил этди. Давлат қарзи эса рекорд даража – 37 триллион доллардан ошди.
Долларнинг рақобатчилари
Экспертларнинг таҳлилларига кўра, ҳозирча долларнинг ўрнини босадиган бошқа валюта йўқ. Унга рақобатчи бўла оладиганлар – фақат евро ва юан. Аммо ҳар иккисида ҳам камчиликлар бор.
Евро. Дунё савдосининг қарийб 14 фоизи Европа Иттифоқига тўғри келади. ЕИ 72 та мамлакатнинг асосий савдо ҳамкори бўлиб, уларнинг иқтисодиёти жаҳон ЯИМнинг 40 фоизини ташкил этади. Бу эса евродан ҳисоб-китобларда фойдаланиш учун катта афзаллик беради.
Кристин Лагарднинг таъкидлашича, евро мақомини мустаҳкамлаш сезиларли фойда келтиради. Аммо, бу ўз-ўзидан амалга ошмайди. Аввало, Европанинг иқтисодий барқарорлиги, ҳуқуқий тизими ва институтлар бирлигини кучайтириш керак. Бундан ташқари, Европанинг геосиёсий нуфузини ошириш ҳам зарур.
«Инвесторлар, айниқса катта инвесторлар, хавфсизлик бўйича ишончли ҳамкорлардан кафолат излайди. Улар кучли сиёсий ва ҳарбий иттифоқларга эга минтақаларга сармоя киритишни афзал кўради», - дейди Лагард.
Экспертлар фикрича, рақамли еврога ҳам катта умид боғлаш керак эмас. Бу евроиттифоқ пулининг барқарорлигини оширади, аммо асосан ички бозорда. Афзалликлари – тўлов тизимининг ишончлилигини оширади, офлайн операциялар имкониятини кенгайтиради ва пул айланиши устидан назоратни кучайтиради. Ўз навбатида рискли жиҳатлар ҳам бор: омонатларнинг банклардан чиқиб кетиши, техник харажатларининг ошиши ва талабнинг ноаниқлиги. Шунингдек, халқаро ҳисоб-китобларда ҳам таъсири чекланган бўлади. Шу жиҳатдан мукаммал ҳуқуқий асос ва трансчегаравий инфратузилмасиз рақамли евро тезда кучлар мувозанатини ўзгартира олмайди.
Юан. Хитой миллий валютаси ҳам долларнинг ўрнини босиш даражасига ҳали чиқмаган. Халқаро Валюта Жамғармасининг маълумотига кўра, юаннинг глобал улуши 1 фоиздан ошмайди.
Бунинг бир неча сабаблари бор. Асосий сабаб — юан учинчи давлатлар ўртасидаги тўловларда ишлатилмайди. Масалан, Бразилия ва Аргентина ўзаро ҳисоб-китобни долларда амалга оширади, юандан эса фақат Хитой билан савдода фойдаланилади. Шундай бўлса-да, охирги йилларда Хитой ҳукумати қатор муваффақиятли ишларни амалга оширди.
The Economist’нинг ёзишича, расмий Пекин ўзининг товар ва хизматлар савдосида юандан кўпроқ фойдаланишни бошлади — ҳозирда бу кўрсаткич 30 фоиздан ошган, 2019 йилда 14 фоиз эди. Пекин барча трансчегаравий тушумларининг 50 фоизидан кўпроғини юан орқали амалга оширади — бу кўрсаткич 2010 йилда атиги 1 фоиз бўлган.
Сиёсатчилар юаннинг ички ва ташқи бозорларда барқарор айланишини хоҳлашади. Бу эса хориждаги юан савдосини кучайтиради ва чет элликларнинг валютага кириш қулайлигини яхшилаши керак. Май ойида мамлакат регулятори йирик банкларга савдони осонлаштириш учун ажратилган кредитларнинг камида 40 фоизи юанда бўлиши кераклиги бўйича топшириқ беради.
Айланмани ошириш учун Хитой расмийлари савдо шерикларини юанни тўлов воситаси сифатида қабул қилишга ундамоқчи. Уларга юан мажбуриятларини таклиф қилиш бу борада асосий воситага айланган. ФЗТ тадқиқотчилари томонидан май ойида эълон қилинган ҳисоботга кўра, Россияга санкциялар қўйилганидан сўнг, Хитой банклари хорижга янги кредитларини деярли тўлиқ доллардан юанга ўтказган. Илгари бу кўрсаткич фақат 15 фоиз бўлган. Натижада юандаги кредитлари уч баравар ошган.
Хитой ўз молиявий инфратузилмасини ҳам мустаҳкамлашни бошлаган. Эндиликда Пекин бошқа давлатлар билан доллар тизимидан фойдаланмасдан туриб ҳам транзакцияларни амалга ошира олади. Бунга рақамли юан, QR код орқали тўловлар ва энг муҳими – SWIFT тизимига ўхшаш CIPS ёрдам беради. Atlantic Council таҳлилчиси Жош Липскийга кўра, Хитой банклари SWIFTʼдан мустақил ишлай олгани учун юан орқали халқаро тўловлар статистикада камроқ кўрсатилаётган бўлиши мумкин.
CIPSʼга бутун дунё бўйлаб 1700 дан ортиқ банк аъзо бўлган — бу Украина урушидан олдинги даврга нисбатан учдан бир қисмга кўп. Биргина 2024 йилда транзакциялар ҳажми 43 фоизга ўсиб, 24 трлн долларга етган. Шунингдек, 33 та бозорда юандаги тўловларининг ҳисоб-китобини амалга оширувчи клиринг банклар иш бошлаган. Хусусан, бу рўйхатга жорий йилда Туркия ва Маврикий ҳам қўшилди. Июн ойида Хитой БАА билан Шимолий Африка ва Яқин Шарқдаги CIPS тармоғини кенгайтириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйди.
Шундай бўлса-да, Хитойдаги пул оқими устидан сақланаётган қатъий назорат юаннинг халқаро валютага айланишига асосий тўсиқ бўлиб қоляпти.
Мавзуга оид
19:17
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 61 млрд доллардан ошди
01:22
АҚШ Украинага кўпроқ қурол етказиб беришни ваъда қилди – ОАВ
16:15 / 06.12.2025
Мерцга Кремлдан "ҳужум": АҚШнинг Украина бўйича роли атрофида баҳс кучаймоқда
15:44 / 06.12.2025