АҚШ давлат қарзининг шиддат билан ортиб бораётгани, сиёсий беқарорлик ва савдо низолари фонида долларнинг етакчилик мавқеи пасайиб боряпти. Европа Марказий банки еврони муқобил алтернатив сифатида тарғиб қилаётган бўлса, Хитой томони юаннинг халқаро тўлов тизимидаги ўрнини кенгайтириш устида жиддий ишлаяпти. Глобал молия тизими «кўп қутбли» тартиботга қайтяптими?

2025 йилга келиб доллар гегемонлигининг пасая бошлаётгани ҳақида ҳар доимгидан ҳам кўп гапириляпти. Июн ойида Европа Марказий банки президенти Кристин Лагард АҚШ валютасининг глобал миқёсдаги ҳукмронлиги давом этишини шубҳа остига олди. Бу эса еврога молиявий майдонда янада муҳим ўрин эгаллаш имконини беради. Хитой Халқ банки раиси Пан Гуншен ҳам бир валютага ҳаддан ортиқ боғлиқлик хавфи ҳақида огоҳлантириш билан чиқди. Унинг фикрича, гегемон валютани чиқараётган мамлакатдаги иқтисодий муаммолар глобал инқирозга сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, бу валюта геосиёсий кескинлик пайтида санкция қуролига айланади.

«Соғлом рақобат зарур», деди Хитой Марказий банки раҳбари.

Пан Гуншеннинг фикрича, сўнгги йигирма йил ичида халқаро валюта тизимидаги энг муҳим воқеалар бу – евронинг жорий этилиши ва хитой юани курсининг ўсиши бўлган.

TRT’нинг ёзишича, Америка валютаси халқаро ҳисоб-китоблар ва активларда ўзининг махсус ўрнини сақлаб қоляпти. Хусусан, жорий йилнинг июн ойида SWIFT орқали ўтган тўловларнинг 58 фоизи долларда амалга оширилган. Евро бу борада иккинчи ўринда бўлса, юань эса атиги 3 фоиз билан олтинчи ўринни эгаллаган. Жаҳон савдосида ҳам АҚШ доллари фаол ишлатилади. 2023 йилда барча халқаро шартномаларнинг деярли 40 фоизи долларда имзоланган. Евронинг улуши ҳам шунча, аммо асосан Европа Иттифоқи ичидаги ва Европа–Африка ўртасидаги савдо шартномаларида. Шунингдек, дунё марказий банклари ҳам АҚШ долларини афзал кўради. Ўтган йили Марказий банкларнинг халқаро захираларида долларнинг улуши 46 фоизни ташкил этган. Бу еврода 16 фоиз, олтинда 20 фоиз.

«Дунё валюта бозоридаги битимларнинг 88 фоизи долларда амалга оширилади», дейди Whitebird биржаси бўлими раҳбари ўринбосари Ян Пинчук.

Бундан ташқари, бутун дунёдаги валюта айирбошлаш операцияларининг асоси ҳам долларга боғланган. Яъни «доллар — бошқа валюта» жуфтликлари бозорнинг 90 фоизидан ортиғини эгаллайди.