Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳисларни бошқариш санъати: эмоционал интеллект нима ва қанчалик муҳим?
Ҳаётимиздаги муваффақият фақат билим ва малакага боғлиқ эмас. Иш жойи, оила ёки дўстлар билан мулоқотда етакчиликка эришишда эмоционал интеллект (EI) ҳам муҳим рол ўйнайди. Мазкур мақолада унинг нима экани ва ушбу қобилият орқали қандай натижаларга эришиш мумкинлиги ҳақида сўз боради.
Фото: iStock
Эмоционал интеллект инсоннинг ўз ҳиссиётларини англаш, уларни бошқариш ва бошқаларнинг ҳис-туйғуларини тўғри тушуниш қобилиятидир. Оддий қилиб айтганда, бу – ҳислар ёрдамида тўғри фикрлаш ва қарор қабул қилиш санъати. Юқори эмоционал интеллектга эга инсон ўз кайфиятини бошқара олади, стрессни енгади ва бошқалар билан соғлом муносабат ўрнатади.
Англаш
Шахсиятни идрок этиш эмоционал интеллектнинг энг муҳим жиҳатларидан биридир. Мазкур кўникма инсоннинг ўз ҳис-туйғуларини таниб олиш, уларнинг сабабини тушуниш ва назорат остида ушлай олиш қобилиятини ифодалайди. Ўзини англай олган инсон нима учун хафа бўлаётганини, нимадан жаҳли чиқаётганини ёки қайси ҳолатларда ўзини ёмон ҳис қилаётганини билади. У шунчаки ҳис-туйғулар оқимида ҳаракатланмайди, балки уларни кузатади, таҳлил қилади ва онгли равишда бошқаради.
Масалан, эмоционал интеллекти юқори инсон стрессга тушганда ёки танқид эшитганда дарров жавоб қайтармайди. У бироз жим туради, нафасини ростлайди ва вазиятни вазминлик билан баҳолайди. Шу тариқа, у салбий ҳис-туйғуларни ўзига зарар етказмайдиган шаклда ифода этади. Ушбу одат нафақат иш жараёнида, балки шахсий ҳаётда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Иш жойида бундай инсонлар муаммоларга босиқлик билан ёндашади, зиддиятли вазиятларда мулоқотни давом эттира олади ва тўғри қарор қабул қилади. Шахсий ҳаётда эса у ўз ҳис-туйғуларини сўз билан ифодалаб, низо ҳамда тушунмовчиликларнинг олдини олади.
Бошқариш
Ҳиссиётларни бошқариш уларни йўқотишни англатмайди, аслида туйғуларни тўғри йўналтириш ҳисобланади. Инсон ғазабни ижодий энергияга айлантириши, ҳафсаласизликни сабр ва қатъиятга айлантириши мумкин. Бу жараён учун ўз-ўзини кузатиш, вазиятда онгли ёндашув билан чиқиш, вазминлик билан фикрлаш каби оддий машқлар катта ёрдам беради. Шунингдек, кундалик ҳаётда ўз ҳис-туйғуларингизни ёзиб бориш, яъни “ҳиссиёт кундалиги” юритиш ҳам фойдали. Ушбу машқ ички дунёингизни яхшироқ тушунишга қўмаклашади.
Демак, ўзини англаш ва ҳиссиётларни бошқариш — бу инсоннинг ўзини тарбиялаш жараёни. Ким ўз ҳис-туйғуларини таниб, уларни бошқаришни ўрганса, у нафақат руҳий жиҳатдан барқарор, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам етук шахсга айланади. Бундай инсонлар бошқалар билан муносабатда мувозанатни сақлайди, можароларга ақл билан ёндашади ва ҳаётдаги мураккаб ҳолатларни тинч усулда енга олади.
Самарали мулоқот
Инсон бошқаларнинг ҳис-туйғуларини тўғри англай олган вақт суҳбатдошининг сўзларидангина эмас, балки оҳанги, тана тили, юз ифодаси ва кайфияти орқали ҳам маълумот олади. Бу эса мулоқотни янада самимий, ишончли ва мазмунли қилади. Масалан, раҳбар эмоционал интеллекти юқори бўлса, у жамоасидаги кайфиятни сезади, стресс ёки тушкунликни пайқайди ва бунинг сабабини билишга ҳаракат қилади. У фақат буйруқ берувчи эмас, эшитувчи ва тушунувчи етакчига айланади. Натижада жамоада илиқ муҳит, ўзаро ҳурмат ва ишонч пайдо бўлади, бу эса меҳнат унумдорлигининг ошишига олиб келади.
Шунингдек, кундалик ҳаётда ҳам эмоционал интеллект мулоқотни яхшилайди. Дўстлар, турмуш ўртоқлар ёки ҳамкасблар ўртасида тушунмовчиликлар, асосан, бир-бирининг ҳиссиётларини инобатга олмасликдан келиб чиқади. Шахс ёнидаги ҳамроҳининг кайфиятига диққат билан эътибор берса, низоларни осон бартараф эта олади, муаммоларни мулоқот орқали ҳал қилади.
Самарали мулоқот сўзлашувнинг ўзигина эмас, балки ҳис қилиш, тинглаш ва тўғри жавоб қайтариш санъатидир. Эмоционал интеллекти ривожланган шахс ҳар қандай суҳбатда эмпатия, сабр ва ижобий муносабатни шакллантира олади.
Руҳий барқарорлик
Инсон ҳаётда стресс, ғазаб, хавотир каби ҳиссиётларга дуч келиши табиий ҳолат. Бу жараёнда муҳим жиҳат уларни қандай бошқаришимизда. Стресс пайтида организмда кортизол ва адреналин каби гормонлар ажралади. Бу моддаларнинг кўпайиши юрак уришини тезлаштиради, қон босимини оширади ва иммун тизимини заифлаштиради. Агар инсон доимо асабий ёки сиқилган ҳолатда яшаса, бу ҳолат аста-секин юрак-қон томир касалликлари, уйқусизлик ёки депрессияга олиб келиши мумкин.
Аммо эмоционал интеллекти ривожланган, яъни ҳиссиётларини бошқара оладиган инсон бу жараённи тормозлай олади. У ўзида стресс белгилари пайдо бўлганини эрта сезади, чуқур нафас олиш, сокин жойда ҳордиқ чиқариш ёки суҳбат орқали босимни камайтиради. Натижада танадаги стресс гормонлари пасаяди, юрак ритми меъёрлашади ва кайфият яхшиланади.
Руҳий барқарорлик фақат тинчлик эмас, соғлом тананинг асоси ҳамдир. Демак, ҳиссиётларни бошқариш учун мазкур кўникмаларни ривожлантириш муҳим:
- ҳис-туйғуларни тан олиш ва уларни яширмаслик,
- ҳар куни қисқа дам олиш ва нафас машқларини бажариш,
- ўзини тушунишга ёрдам берадиган суҳбатлар ўтказиш ёки ёзувлар ёзиш;
- мунтазам жисмоний фаолликни сақлаш тавсия этилади.
EI’ни ривожлантириш учун нима қилиш керак?
Қуйидаги оддий, лекин самарали усуллар бунга ёрдам беради:
- Ўзингизни тингланг.
- Кун давомида ўзингизни қандай ҳис қилаётганингизни кузатинг. Нима сизни хафа қилади, нима қувонтиради? Ҳиссиётларни тан олиш — уларни бошқаришнинг биринчи қадами.
- Сабабни аниқланг.
- Ҳар бир ҳиссиётнинг сабаби бор. Масалан, асабийлашганингизда бу чарчоқ, очлик ёки ноаниқликдан келиб чиқаётганини тушунишга ҳаракат қилинг.
- Бошқаларни тинглашни ўрганинг.
- Суҳбатда фақат жавоб ҳақида ўйламанг, суҳбатдошни диққат билан тингланг. Бу эмпатияни, яъни бошқаларни ҳис қилиш қобилиятини кучайтиради.
- Стрессни бошқаришни машқ қилинг.
- Нафас олиш машқлари, юриш, спорт, медитация ёки севимли машғулотлар ҳиссиётларни тинчлантиради.
- Ўзингизга нисбатан мулойим бўлинг.
- Ҳар ким хато қилади. Ўзингизни танқид қилиш ўрнига, тажрибалардан сабоқ олинг — бу ўзини англашни чуқурлаштиради.
- Фикр-мулоҳазани қабул қилинг. Бошқалар сиз ҳақингизда нима деб ўйлашини билиш — ўсиш имкониятидир. Танқидни тош сифатида эмас, ўзгариш учун туртки сифатида қабул қилинг.
Хулоса қилиб айтганда, эмоционал интеллектни ривожлантириш — бу доимий ўз устида ишлаш, сабр ва кузатувчанликни талаб қиладиган жараён. Шу йўл билан инсон ўзини ҳам, атрофидагиларни ҳам яхшироқ тушуна бошлайди. Бундан ташқари, эмоционал интеллектни шакллантириш инсонга ҳаётнинг турли соҳаларида фойда келтиради: иш жойида стрессли вазиятларни бошқариш, самарали қарорлар қабул қилиш ва жамоада ишончли алоқаларни ўрнатишга ёрдам беради. Оилавий ва дўстона муносабатларда эса низоларни камайтиради, меҳр-муҳаббатни оширади.
Ўзини англай оладиган ва ҳиссиётларини бошқарадиган инсон нафақат руҳий барқарорликка эришади, балки соғлом жисмоний ҳолатни сақлаш, стресс гормонларини камайтириш ва юрак-қон томир тизимини ҳимоя қилиш имкониятига ҳам эга бўлади.
Диёрахон Набижонова
Мавзуга оид
17:09 / 04.12.2025
Йўтални дориларсиз кетказиш мумкинми?
01:36 / 01.12.2025
Юрак учун энг фойдали маҳсулотлар айтилди
18:41 / 27.11.2025
Диабетга чалинган одамларнинг 40 фоизгача қисмида буйрак касаллиги ривожланади – Mayo clinic
23:31 / 26.11.2025