Таълим | 07:30 / 10.10.2025
7628
2 дақиқада ўқилади

Инфографика: энг кўп миллиардерларни чиқарган университетлар

Visualcapitalist томонидан яратилган янги инфографика таълим муассасаларини миллиардер битирувчилар сони бўйича тартиблаб, АҚШ университетларининг устунлиги ва Осиё университетларининг ўсиб бораётган ролини кўрсатади.

Фото: Depositphotos

Ҳарвард университети умумий бойлиги қарийб 600 миллиард долларга тенг 104 миллиардерни тайёрлаб чиқарган. Университет ҳаттоки Билл Гейтс ва Марк Цукерберг каби бу ерда таълим олган, аммо ўқишни тугатмаган таниқли битирувчиларни ҳисобга олмаганда ҳам рейтингда биринчи ўринда туради.

Стэнфорд университети Кремний водийси билан яқин алоқалари туфайли Yahoo асосчиси Жерри Янг ва DoorDash асосчиларидан бири Энди Фанг каби миллиардер битирувчиларга эга. Пенсилвания университети Илон Маскни ўқитган. Колумбия университетининг энг машҳур битирувчилари орасида афсонавий инвестор, Berkshire Hathaway эгаси Уоррен Баффет бўлса, Массачусетс технологиялар институти (MIT) технология ва саноат раҳбарларини, жумладан Koch Industries'дан Чарлз Кохни ўқитган.

Америка университетлари ҳали ҳам юқори ўринларни эгаллаб турган бўлса-да, маълумотлар шуни кўрсатадики, Осиё университетлари жадал суръатлар билан ўсиб бормоқда.

Миллиардер битирувчилар сони бўйича 20 та энг яхши университетлар қаторига Мумбай университети, Цинхуа, Пекин университети ва Сеул миллий университети киради. Ушбу силжиш Осиёнинг кенг иқтисодий ўсиши, тадбиркорларнинг юксалиши ва миллий капитал бозорларининг мустаҳкамланиши билан бир вақтга тўғри келади.

Мисол учун, Хитойдаги энг нуфузли университетлардан бири бўлган Пекин университетининг миллиардер битирувчилари орасида Baidu ҳамасосчиси Робин Ли ҳам бор. Худди шундай, Reliance Industries раиси ва Ҳиндистоннинг энг бой одами Мукеш Амбани Мумбай университетида кимё муҳандислиги бўйича таҳсил олган.

Россия университетлари орасида 13 миллиардерни тайёрлаган Ломоносов номидаги Москва давлат университети етакчилик қилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид