Жаҳон | 11:06 / 10.10.2025
5474
5 дақиқада ўқилади

Режанинг иккинчи босқичи: ҲАМАС қуролларни ташлайдими?

Ғазо бўйича Трамп режасининг 2-босқичида Ҳамасни қуролсизлантиришни талаб қилади. Бу босқич энг муҳим ва айни пайтда энг мураккаб ҳисобланади. Музокаралар аввалида гуруҳ қуролларни топшириб бўлгадан чиқиб кетиши сўралган эди.

Кun.uzʼнинг “Геосиёсат“ дастурида Ғазодаги тинчлик режасининг навбатдаги босқичи хусусида Прогрессив ислоҳотлар маркази экспертлари сўз юритди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ҳамасни қуролсизлантириш қандай амалга оширилади, гуруҳ қанақа шартларда бунга рози бўлади?

Умрбек Юсупов: Иккинчи босқичнинг тақдири биринчи босқичга боғлиқ бўлади. Ҳозирга келиб Исроил ва унга яқин оммавий ахборот воситалари 20 нафар тирик маҳбуснинг исм‑фамилияларини эълон қилмоқда. Агар уларнинг ҳеч бири тирик чиқмаса ёки муаммо юзага келса, бу Исроил учун баҳона бўлиши мумкин. Олдинги келишувлардан хулоса қилсак, Исроил доим қандайдир баҳоналар топган. Шунинг учун мен айтган бўлардимки, иккинчи босқич амалга ошиши биринчи босқич қандай ўтишига боғлиқ бўлади. Иккинчи босқичда Ҳамасни қуролсизлантириш муваффақиятли амалга ошиши мумкин. Аммо бу Ҳамаснинг розилиги ва улар томонидан қўйиладиган шартларга ҳам боғлиқ, масалан, Ҳамас ҳукуматида қолишни ҳам талаб қилиши мумкин. Улар Маҳмуд Аббос етакчилигидаги жамоани легитим деб ҳисобламайди. Ғазо секторининг бошқаруви масаласида ҳам Ҳамас биз ҳам иштирок этамиз, деб даъво қилса, Исроил ҳукумати бунга қатъий қаршилик қилиши табиий. Шу сабабли Ҳамасни тўлиқ қуролсизлантириш жуда мураккаб жараён бўлади. Шунингдек, вазият тинчлик кафолатчиларига ҳам боғлиқ бўлади, агар Ҳамас лидерлари Қатарда ёки хавфсиз ҳудудда бўлса, улар масофадан музокараларда иштирок этиши ҳам мумкин, аммо қуроллардан буткул воз кечиши ҳақида тўлиқ кафолат талаб этилади. Тартиб‑қоидалар қуйидагича бўлиши мумкин: аввал оғир артиллерия ва ракета тизимлари тўхтатилади, сўнгра босқичма‑босқич енгил қуроллар йиғилади. Ҳозирда фақатгина Ғазо ҳудудида урушни тўхтатишга розилик билдирилган холос, қолган масалалар очиқ.

Гуманитар ёрдам бўйича масала ҳам муҳим: БМТнинг Фаластин қочқинларига хизмат кўрсатиш агентлиги ҳозирги ҳолатни гуманитар фожиа деб атамоқда ва ёрдам ҳажмини бир неча баробар ошириш зарурлигини билдирган. Ҳозирги вазият оғир, тахминан 600 киши очлик сабаб ўлган, кўплаб ярадорлар эса дори‑дармон ва озиқ‑овқат етишмовчилиги билан юзлашяпти. Шунинг учун биринчи эътибор гуманитар ёрдам етказилишига қаратилади, юклар ва ёрдамни ўтказиш назорати Рафаҳ ва шимолий ўтиш пунктлари орқали амалга оширилиши мумкин. Исроил Ғазонинг тахминан 58 фоиз ҳудудини “П” шаклида ўраб олган, баъзи жойларда ичкарилик 6,5 километрга етади. Озиқ-овқатнинг ҳудудга кириши Исроил томонидан йўлларнинг очиб берилишига боғлиқ. Шундай экан, гуманитар ёрдам ва унинг истиқболи Исроилнинг сулҳга қанчалик виждонан тайёрлигига боғлиқ бўлади.

Алоуддин Комилов: Ҳозирги вазиятда катта ноаниқликлари мавжуд. Улардан бири Доналд Трамп таклиф қилган “Васийлик кенгаши” ғояси. Ушбу кенгашга Трамп бошчилик қилиши ва Тонй Блаир институти ҳам иштирок этиши кераклиги айтилган, бироқ Ҳамас вакиллари бундай таклифга қатъиян қарши эканини эълон қилди. Ижобий жиҳатлар ҳам мавжуд. Парижда БМТ васийлиги остида барқарорлаштириш кенгаши фаолият кўрсатмоқда ва ҳозирда қуролсизлантириш ҳамда ўт очишни тўхтатиш масалалари муҳокама қилинмоқда. Халқаро ҳамжамият аввалги тажрибаларга таяниб ҳаракат қилиши мумкин ва бу тажриба қуйидагиларни амалга оширишга интилади.

Биринчи босқич қуролсизлантириш ва ҳуманитар ёрдам масаласи:

Ҳамас вакиллари ракета, дрон ва бошқаларни топшириши мумкин. Бунинг эвазига эркинлик, ҳуманитар ёрдам ва Ғазонинг реконструкцияси бўйича имтиёзлар берилиши мумкин. Миср, Қатар ва Туркия каби давлатлар асосий кафолатчи ролини ўйнаши кутилади, БМТ эса техник ёрдам ва мониторинг билан шуғулланади.

Хавфсизликни таъминлаш:

Хавфсизлик масалаларида араб давлатлари етакчи ролни амалга ошириши мумкин. Танланган ва тан олинган фаластинликлардан иборат махсус хавфсизлик кучлари ташкил этилиб, вақтинчалик Фаластин маъмурияти билан ҳамоҳангликда ҳудуд хавфсизлигини таъминлаши мумкин.

Ҳамас аъзоларига афв масаласи:

Гуруҳ ҳаракатларида қарор қабул қилмайдиган оддий ҳарбийлар учун амнистия масаласи кўриб чиқилиши мумкин. Юқори даражадаги Ҳамас ҳарбийлари учун эса учинчи давлатга эҳтимол Туркия ёки Қатар орқали уларни ҳудуддан чиқариш ва ўша давлатларда яшаш бўйича кафолатлар муҳокама қилинади.

Умуман олганда, бу вариантлар ҳозирча таҳлил босқичида; келишув ва ижро жараёни мураккаб ва кўп томонлама кафолатлар талаб этади. Бу қарорларнинг барчаси халқаро кафолатчилар, ҳудудий давлатлар ва маҳаллий томонлар ўртасидаги музокаралар натижасида шаклланади.

Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид