Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фото: Ғазоликлар вайрон бўлган уйларига қайтмоқда
Исроил аскарлари энди шаҳарларга кирувчи йўлларни тўсмаслиги аён бўлгач, кам сонли қайтувчилар оқими — вайроналари сари йўл олган фаластинликларнинг ҳақиқий тўлқинига айланди. Шунга қарамай, Ҳамас ва Исроил ўртасидаги сулҳ – узоқ муддатли тинчликка олиб келадими, деган савол очиқ қолмоқда.
10 октябрь куни Исроил ва Ҳамас ўртасида сулҳ кучга киргач минглаб бошпанасиз қолган фаластинликлар Ғазонинг харобага айланган ерларидан ўзларининг вайрон бўлган уйларига қайтишмоқда. Бу вақтда Исроил аскарлари урушни тугатишга қаратилган битимнинг биринчи босқичи доирасида орқага чекина бошлади.
Улкан одамлар оқими қирғоқ йўли бўйлаб, пиёда ҳолда шимолга, анклавнинг энг йирик шаҳри — Ғазо шаҳри сари йўл олди. Бу шаҳар атиги бир неча кун аввал энг йирик ҳужумлар доирасида Исроил томонидан бомбардимон қилинган ҳудуд эди.
«Худога шукр, менинг уйим ҳануз тик турибди. Лекин жой буткул вайрон, қўшниларимнинг уйлари вайрон, бутун маҳаллалар йўқ бўлиб кетган», деди Шайх Развон маҳалласида яшовчи 40 ёшли Исмоил Зайда Reuters билан суҳбатда.
Жанубда эса одамлар йил бошида Исроил армияси томонидан ер билан яксон қилинган иккинчи йирик шаҳар Хон Юнуснинг вайроналари орасидан ўтишарди. Уларнинг аксари жим ва ҳорғин эди, дейди гувоҳлар.
Аҳмад ал-Брим, ёғоч бўлакларини ортган велосипедни итариб кетарди: унинг оиласи овқат пишириш учун бу ўтинларга муҳтож. Бу — уларнинг вайрон бўлган уйидан олиб чиқишга улгурган ягона нарсаси эди.
«Биз ўз ҳудудимизга бордик. У ер бутунлай йўқ қилинган. Энди қаерга боришимизни билмаймиз,» деди у. «Мебелларни, кийимларни, ҳеч нарсани, ҳаттоки қишки кийимларни ҳам ололмадик. Ҳеч нарса қолмаган».
Исроил аскарлар энди шаҳарларга кирувчи йўлларни тўсмаслиги аён бўлгач, дастлабки кам сонли қайтувчилар оқими тез орада ўз уйлари вайроналари сари йўл олган фаластинликларнинг ҳақиқий тўлқинига айланди.
40 ёшли Маҳдий Сақла оиласи билан бирга Ғазо шаҳрига қайтишга қарор қилганини айтди:
«Албатта, энди уйлар йўқ — уларнинг ҳаммаси вайрон бўлган,» деди у. «Аммо биз ўша вайроналар устида бўлса ҳам, ўз жойимизга қайтаётганимиздан хурсандмиз. Бу ҳам катта қувонч. Икки йилдирки, биз сарсон-саргардонликда яшаяпмиз».
Шунга қарамай, Исроил армияси матбуот котиби, бригада генерали Эфи Дефрин, Ғазо аҳолига Исроил ҳарбий назоратидаги ҳудудларга кирмасликни сўраб мурожаат қилди: «Битимга риоя қилинг ва хавфсизлигингизни таъминланг,» деди у жума куни.
Ҳамас бошқарувидаги ички ишлар вазирлиги Исроил армияси чиқиб кетган ҳудудларга ўз хавфсизлик кучларини жойлаштиришини билдирди. Қуролли аскарлар кўчаларга қайтадими ёки йўқми – ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.
Фаластин соғлиқни сақлаш органлари Исроил армиясининг орқага чекинишидан сўнг тиббиёт ходимлари Ғазо бўйлаб турли жойлардан 100 та жасадни топганини билдирди.
Сулҳга ишонса бўладими?
Ғазоликлар уйларига қайтаётган пайтда, Исроил ва Ҳамас ўртасидаги сулҳ ҳамда гаровдагилар ва маҳбуслар алмашинуви битими – ҳақиқий ва узоқ муддатли тинчликка олиб келадими, деган саволлар очиқ қолмоқда.
Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда Доналд Трамп сулҳ сақланиб қолишига ишончини билдирган: «Улар ҳаммаси урушдан чарчаган,» деди у. Трамп, кейинги босқичлар бўйича «консенсус» мавжудлигини айтиб, аммо айрим тафсилотлар ҳали ҳал этилиши кераклигини тан олди.
Трампнинг режасининг биринчи босқичи Исроил қўшинларига 24 соат ичида шаҳарлардаги позициялардан чиқиб кетишни белгилайди, бироқ улар ҳануз Ғазонинг ярмидан кўпини назоратда сақлаб туради.
Режанинг кейинги босқичи эса Ғазонинг урушдан кейинги бошқарувига «Тинчлик кенгаши» деб аталувчи халқаро органнинг жалб қилинишини назарда тутади. Трамп уни шахсан бошқаради ва унга собиқ Британия бош вазири Тони Блер ҳам киритилган.
Аммо ушбу режанинг бу қисми учун янги «муаммо» пайдо бўлди: Ҳамас жума куни кечқурун «ҳар қандай чет эл қўриқловини» рад этувчи баёнот чиқарди ва Ғазони бошқариш «фақат фаластинликларнинг ички масаласи» эканини билдирди.





Мавзуга оид
15:51 / 02.12.2025
Нетаняҳу қандай айбловлар учун афв сўрамоқда ва бунинг имкони борми?
13:59 / 02.12.2025
“Нетаняҳу учун қулай сиёсий фон яратиляпти” — Фарҳод Каримов
18:14 / 30.11.2025
Нетаняҳу Исроил президентидан коррупция иши бўйича афв сўради
16:52 / 29.11.2025