Исроил аскарлари энди шаҳарларга кирувчи йўлларни тўсмаслиги аён бўлгач, кам сонли қайтувчилар оқими — вайроналари сари йўл олган фаластинликларнинг ҳақиқий тўлқинига айланди. Шунга қарамай, Ҳамас ва Исроил ўртасидаги сулҳ – узоқ муддатли тинчликка олиб келадими, деган савол очиқ қолмоқда.
10 октябрь куни Исроил ва Ҳамас ўртасида сулҳ кучга киргач минглаб бошпанасиз қолган фаластинликлар Ғазонинг харобага айланган ерларидан ўзларининг вайрон бўлган уйларига қайтишмоқда. Бу вақтда Исроил аскарлари урушни тугатишга қаратилган битимнинг биринчи босқичи доирасида орқага чекина бошлади.

Улкан одамлар оқими қирғоқ йўли бўйлаб, пиёда ҳолда шимолга, анклавнинг энг йирик шаҳри — Ғазо шаҳри сари йўл олди. Бу шаҳар атиги бир неча кун аввал энг йирик ҳужумлар доирасида Исроил томонидан бомбардимон қилинган ҳудуд эди.
«Худога шукр, менинг уйим ҳануз тик турибди. Лекин жой буткул вайрон, қўшниларимнинг уйлари вайрон, бутун маҳаллалар йўқ бўлиб кетган», деди Шайх Развон маҳалласида яшовчи 40 ёшли Исмоил Зайда Reuters билан суҳбатда.

Жанубда эса одамлар йил бошида Исроил армияси томонидан ер билан яксон қилинган иккинчи йирик шаҳар Хон Юнуснинг вайроналари орасидан ўтишарди. Уларнинг аксари жим ва ҳорғин эди, дейди гувоҳлар.
Аҳмад ал-Брим, ёғоч бўлакларини ортган велосипедни итариб кетарди: унинг оиласи овқат пишириш учун бу ўтинларга муҳтож. Бу — уларнинг вайрон бўлган уйидан олиб чиқишга улгурган ягона нарсаси эди.
«Биз ўз ҳудудимизга бордик. У ер бутунлай йўқ қилинган. Энди қаерга боришимизни билмаймиз,» деди у. «Мебелларни, кийимларни, ҳеч нарсани, ҳаттоки қишки кийимларни ҳам ололмадик. Ҳеч нарса қолмаган».



























