Спорт | 11:13 / 11.10.2025
18541
11 дақиқада ўқилади

Мбаппе гол урди ва жароҳат олди, Қозоғистонда йирик ғалаба. Кун ўйинлари

Германия гуруҳида биринчи ўринга чиқиб олди, Швеция ўз гуруҳида охирги ўринда. ЖЧ-2026 саралаши доирасида Европада жума оқшомида ўтказилган ўйинлар ва гуруҳлардаги вазият.

Фото: Қозоғистон футбол федерацияси

A гуруҳи

Киммиҳ Беккенбауэр билан тенглашиб олди

Германия – Люксембург 4:0
Голлар:
Раум, 12 (1:0). Киммиҳ, 21 – пеналти (2:0). Гнабри, 48 (3:0). Киммиҳ, 51 (4:0)
Германия: Бауманн, Та, Шлоттербек (Антон, 46), Раум (Браун, 82), Киммиҳ, Павлович, Горецка, Вирц, Адейеми (Баку, 61), Гнабри (Байер, 68), Волтемаде (Буркардт, 61)
Люксембург: Мори, Корац, Махмутович, Карлсон, Янс, Мартинс (С. Тилл, 77), Олесен (Дзогович, 87), Баррейру, Бонерт (Вейга, 46), Морейра (О. Тилл, 67), Дардари (Селимович, 67)
Огоҳлантириш: Мартинс, 60
Четлатиш: Карлсон, 20

Бу ўйиндаги интрига атиги 12 дақиқа сақланиб турди. Аввалига арбитр Волтемаденинг голини ҳужум давомида тўпга қўл билан ўйналгани учун бекор қилганди, аммо кўп ўтмай Давид Раум жарима зарбасидан тўпни дарвоза тўрига йўллади. Етти дақиқа ўтиб Люксембург ўн киши бўлиб қолди, Йозуа Киммиҳ эса пеналтини аниқ ижро этди. Танаффусдан кейин мезбонлар камтар рақибни узил-кесил тор-мор этишди. Серж Гнабри ва Киммиҳ уч дақиқа оралиғида икки гол уришди. Шу куни дубл қайд этган бавариялик футболчи миллий жамоа сафидаги ўйинлари сони бўйича афсонавий Франц Беккенбауэр билан тенглашиб олди (104). Саралаш босқичини мағлубият билан бошлаган Германия эса аллақачон биринчи ўринга кўтарилиб олди.

Шимолий Ирландия – Словакия 2:0
Голлар:
Грошовски, 18 – автогол (1:0). Ҳюм, 81 (2:0)
Шимолий Ирландия: Пикок-Фаррелл, Макнэйр, Ҳюм, Баллард, Гэлбрейт (Спенсер, 85), Макканн, Ш. Чарлз, Девенни, Брэдли (Магеннис, 90+2), Прайс, Рид (Д. Чарлз, 71)
Словакия: Дубравка, Шатка, Шкриняр, Оберт, Дембер, Грошовски (Бенеш, 89), Дуда (Гараслин, 63), Беро, Сауэр (Тупта, 82), Шранц (Риго, 63), Стрелец (Мраз, 89)
Огоҳлантиришлар: Баллард, 60. Брэдли, 76

Биринчи турда Германияни мағлуб этган Словакия эса нисбатан кучсиз рақибларга қарши ишончсиз ҳаракат қилмоқда. Сентябрдаги иккинчи ўйинда Франческо Калцона шогирдлари Люксембург билан ўйиннинг сўнгги дақиқаларида қийинчилик билан ғалабани қўлга киритганди (1:0), энди эса Белфастда катта муаммога дуч келди. Шимолий Ирландия биринчи бўлимда биргина гол билан чеклангани меҳмонларнинг омади келганди. Масалан, Рид бир неча метр масофадан туриб тўғри зарба бера олмади.

Иккинчи бўлимда ўйин словаклар жонланди ва вазиятлар ярата бошлади. Аммо немислар дарвозасига бир гол урган ва бир голга ассистентлик қилган Давид Стрелец бу ўйинда яккама-якка вазиятни кўкка совурди. Ўйин охирида эса тажрибали Мартин Дубравка тўпга чиқишда муваффақиятсиз ҳаракатланди, ундан қайтган тўпга Трай Ҳам эга чиқди ва амалда бўш дарвозани ишғол этди.

Эндиликда гуруҳдаги учта жамоада бир хил олтитадан очко бор. Словаклар тўплар нисбатига кўра учинчи ўринга қулади, кейинги турда Шимолий Ирландия ва Германия гуруҳ пешқадамлиги учун майдонга чиқади.

13 октябр. Шимолий Ирландия – Германия, Словакия – Люксембург.

D гуруҳи

Сардорнинг рекорди

Франция – Озарбойжон 3:0
Голлар:
Мбаппе, 45+2 (1:0). Рабио, 69 (2:0). Товен, 84 (3:0)
Франция: Менян, Упамекано, Салиба, Эрнандез, Гюсто, Рабио (Камавинга, 70), Тюрам, Олисе (Аклиуш, 70), Экитике (Нкунку, 79), Коман (Матета, 79), Мбаппе (Товен, 83)
Озарбойжон: Магомедалиев, Мустафозода, Кривоцюк, Бадалов, Жафаргулиев, Алиев (Маммадов, 70), Махмудов, Хайбулаев (Дашдамиров, 78), Аҳмадзода (Гурбанли, 61), Байрамов (Хачаев, 78), Эмрели (Охунзода, 70)
Огоҳлантиришлар: Рабио, 63 – Байрамов, 26. Аҳмадзода, 52

Кўп сонли жароҳатлар туфайли бу ўйинда Франция ҳужум чизиғи кутилмаган кўринишда бўлиши мумкин эди, аммо Мбаппе тиббиёт ходимларининг прогнозларига терс ўлароқ «Реал»да олган жароҳатидан тез тузалди ва майдонга тушишга тайёр бўлди. Озарбойжон номдор рақибга қарши бир бўлим туриб берди, аммо бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда айнан Мбаппе рақиб мудофаасидан тешик топа олди. Аниқроғи унинг ўзи уч ҳимоячини алдаб ўтиб, бу мудофаани ёриб ўтди ва Экитике билан девор услубида ўйнаганидан кейин идеал зарбаси билан тўпни олис бурчакка йўналтирди. Мбаппе терма жамоада қаторасига бешинчи ўйинда гол уриб, ўз рекордини такрорлади, у шунингдек, клубдаги ўйинлар ҳам ҳисобга олинганда қаторасига ўн расмий ўйинда гол уриш орқали фаолиятидаги энг яхши даврни ўтказмоқда.

У иккинчи бўлимда Рабионинг голига ҳам ассистентлик қилди. Аммо у майдонга қайтишга шошилиб, хато қилган бўлиши мумкин, ҳужумчи ўйин охирида кучли оғриқ туфайли газонга ётиб олиб, ўзини алмаштиришни сўради ва Мадриддагиларни қаттиқ хавотирга солди. «Учранглилар» Парижда аутсайдерга қарши ўйинда усиз ҳам ғалаба қозонган бўларди, икки кун ўтиб Исландияда бўладиган ўйинда эса унинг хизматига кўпроқ эҳтиёж туғилади.

Исландия – Украина 3:5
Голлар:
Малиновский, 14 (0:1). Эллертссон, 35 (1:1). Гуцуляк, 45 (1:2). Малиновский, 45+5 (1:3). Гудмундссон, 59 (2:3). Гудмундссон, 75 (3:3). Калюжний, 85 (3:4). Очеретко, 88 (3:5)
Исландия: Оулафссон, Гретарссон, Ингасон, Эллертссон (Тордарсон, 86), Палссон, Йоханнессон (Видлюмссон, 86), Ҳаралдссон, Гудмундссон, Торстейнссон (Томассон, 70), Магнуссон (Ҳлинссон, 70), Гудйонсен (Андерсон, 86)
Украина: Трубин, Забарний, Матвиенко, Миколенко, Конопля, Калюжний, Малиновский (Бондаренко, 86), Шапаренко (Очеретко, 70), Судаков (Волошин, 39), Гуцуляк (Велетен, 86), Ванат (Довбик, 70)
Огоҳлантиришлар: Гудйонсен, 41 – Матвиенко, 65. Конопля, 68. Миколенко, 83. Очеретко, 90

Европа саралаши доирасида куннинг энг голларга бой учрашуви Исландияда бўлиб ўтди. Мезбонлар 0:1 ва 1:3 ҳисобларидан кейин камбэк қилишганди, аммо 85- ва 88-дақиқаларда голлар ўтказиб, барибир мағлубиятга учрашди. Руслан Малиновский дубл қайд этди, ғалаба голини Иван Калюжний урди. Эътиборли томони, 2022 йилда у Исландиянинг «Кеблавик» клубида ўйнаганди. Бу ғалаба эвазига Украина гуруҳ жадвалида Исландияни қувиб ўтиб, иккинчи ўринга кўтарилди.

13 октябр. Исландия – Франция, Украина – Озарбойжон.

J гуруҳи

Қозоғистон янги мураббий билан ғалаба қозонди

Қозоғистон – Лихтенштейн 4:0
Голлар:
Кенжебек, 26 (1:0). Зайнутдинов, 28 (2:0). Кенжебек, 59 (3:0). Қосим, 81 (4:0)
Қозоғистон: Сейсен, Алип (Жумаханов, 82), Қосим, Вороговский (Жагоров, 75), Каиров, Куат, Зайнутдинов (Свиридов, 62), Оразов (Жуков, 75), Кенжебек (Караман, 62), Самородов, Чесноков
Лихтенштейн: Бюҳел, Ҳофер, Геппел, Шлегел (Вайссенҳофер, 70), Зеле (Майер, 70), А. Ҳаслер (Волфингер, 60), Люҳингер, Цюнд, Н. Ҳаслер, Люк-Нотаро (Саланович, 90), Киндл (Саглам, 46)
Огоҳлантиришлар: Самородов, 31. Зайнутдинов, 41 – Ҳофер, 1. Цюнд, 72

Станислав Черчесов ўрнига Қозоғистон миллий жамоаси бошқарувига тайинланган Али Алиев сентябр ойидаги икки мағлубиятдан кейин истеъфога чиқарилди, ушбу мутахассиснинг сўнгги ўйинида Белгиядан ўта оғриқли мағлубият қабул қилиб олинди (0:6). Федерация ҳозирда янги коуч қидирмоқда, ҳозирча жамоани Талгат Байсуфинов в.б сифатида бошқариб турибди. Бу 57 ёшли мураббий олдин ҳам, ЖЧ-2018 ва ЖЧ-2022 саралашларида терма жамоа билан ишлаган.

Лихтенштейн билан ўйинда Кенжебек ўзини кўрсатди, у Уэлс билан ўйинда ҳам ўзининг фаоллиги билан ажралиб турганди. Аммо ўшанда унга бир неча вазиятда аниқлик етишмаганди, жума оқшомида эса у икки бор чиройли зарбаси билан тўпни олис «тўққизлик»ка йўллади, шунингдек, иккинчи голни урган Зайнутдиновга идеал пас берди. Ўйин озирида эса ҳимоячи Қосим ҳисобни янада йириклаштирди, у Лихтенштейнга қарши биринчи ўйинда дарвоза чизиғи устида тўпни тўхтатиб қолгани билан ёдда қолганди.

Энди очколари сонини олтитага етказиб олган қозоғистонликлар кейинги турда македонлар майдонида бир бош баланд сакраб ғалаба билан қайтадиган бўлса, йўлланма учун курашга қўшилади.

Белгия – Шимолий Македония 0:0
Белгия: Куртуа, Дебаст, Теат, Де Кейпер (Мене, 89), Кастан (Сейс, 89), Раскин, Де Брейне, Ванакен (Онана, 74), Доку, Салемакерс (Опенда, 59), Троссар (Фофана, 74)
Шимолий Македония: Димитриевски, Стойчевски (Деспотовски, 74), Муслиу (Велковски, 84), Алиоски, Зайков, Барди, Атанасов (Алими, 74), Костадинов, Элмас, Ашковски (Чурлинов, 46), Миовски (Ристовски, 57)
Огоҳлантиришлар: Салемакерс, 6. Теат, 68. Де Брейне, 79 – Ашковски, 30. Костадинов, 87

Белгия македонларга қарши ўйиннинг 75 фоиз қисмида тўпга эгалик қилди, 25 бор зарба берди, xG бўйича 2,84 кўрсаткичини қайд этди, аммо ҳисобни оча олмади. Де Брюйненинг узоқ масофадан йўллаган зарбаларидан ҳам наф бўлмади, Опенда эса яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади. Мезбонларда аниқлик панд берди, шунча зарбадан фақат учтаси дарвоза соҳасига тўғри борди. Шимолий Македония Гентга бир мақсадда ташриф буюрганди – гол ўтказмаслик. Жамоа бу мақсадига эришди ва биринчи ўринда қолди (Белгияга қараганда битта кўп ўйин ўтказган).

Кейинги турда Руди Гарсия шогирдларини Уэлс майдонига қийин сафар кутмоқда, Шимолий Македония эса Қозоғистонни қабул қилади.

13 октябр. Шимолий Македония – Қозоғистон, Уэлс – Белгия.

В гуруҳи

Швейцария илгарилаб кетди, Швеция сўнгги ўринда

Швеция – Швейцария 0:2
Голлар:
Жака, 65 – пеналти (0:1). Манзамби, 90+4 (0:2)
Швеция: Йоҳанссон, Ҳин, Гудмундссон, Лагербилке, Бергвалл (Баржи, 85), Челстрем (Салетрос, 65), Айяри, Сема (Ҳолм, 72), Бернҳардссон (Свенссон, 72), Исак, Йокереш
Швейцария: Кобел, Элведи, Аканжи, Родригес, Видмер (Ҳакес, 74), Жака, Ридер (Соу, 59), Фройлер, Варгас (Манзамби, 84), Ндой, Эмболо
Огоҳлантиришлар: Лагербилке, 90 – Аканжи, 49

Сентябрдаги икки ўйинда атиги бир очко олган Швеция ҳалокат ёқасига келиб қолган. Дарвозабоннинг сейвлари ҳамда Эмболо вазиятларни йўққа чиқаришда давом этиши бўлмаганида, скандинавлар дастлабки йигирма дақиқаликдаёқ таслим бўлиб улгурган бўларди.

Мезбонлар рақибнинг шиддатли ҳужумларидан омон чиқиб олди, аммо ўз вазиятларидан ҳам фойдалана олмади. Исакнинг зарбасидан кейин тўп устунга борди, шведларнинг яна бир ҳужуми эса анча вақтгача эслаб юриладиган эпик кўринишни юзага келтирди. Майдон марказида тўпни эгаллаб олган Йокереш ва ҳимоячилардан қочиб кетган Исак Бергвал гол уриши учун барча ишни қилишганди. Аммо «Тоттенҳэм» футболчиси бўш дарвоза қаршисида туриб тўпга зарба бера олмади.

Иккинчи бўлимда эса Соу жарима майдонида йиқитилди ва Жака белгиланган пеналтини аниқ ижро этди. Ҳакамнинг ўйин якунлангани тўғрисидаги ҳуштаги чалиниши арафасида Швейцария рикошет орқали ҳисобдаги устунлигини оширди.

Косово – Словения 0:0
Косово: Мурич, Алити, Хайдари, Галлапени (Садриу, 88), Красничи, Авдуллаху, Реджбечай (Бериша, 50), Войвода, Ррахмани (Рашица, 77), Муслия (Жегрова, 88), Муричи (Асллани, 77)
Словения: Облак, Бийол, Дркушич, Карничник, Брекало, Элшник, Гнезда Черин, Стоянович (Янжа, 71), Сешлар (Хорват, 71), Градишар (Випотник, 63), Шешко
Огоҳлантиришлар: Алити, 48. Авдуллаху, 79 – Сешлар, 21. Элшник, 46

Бу ўйин натижасини Швеция учун ҳам, Швейцария учун ҳам қониқарли дейиш мумкин. Бутун ўйин давомида икки жамоа жами икки марта дарвоза соҳасига тўғри борган зарба йўллади – шунинг ўзи ўйин ҳақида кўп нарсани айтади. Косово биринчи даврани гуруҳ жадвалининг иккинчи поғонасида якунламоқда, Словения – учинчи ўринда. Швейцарлар тез орада ЖЧ йўлланмасини кафолатлайди, қолган уч жамоа иккинчи ўрин орқали плей-оффга чиқишга ҳаракат қилади.

13 октябр. Словения – Швейцария, Швеция – Косово.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид