Кўчмас мулк | 18:45 / 14.10.2025
3974
2 дақиқада ўқилади

«Қувват етарли бўлмаса, уланиш имконияти йўқ» – Қурилиш вазирлиги

Депутат Сайёра Жумаева маҳаллалардаги кўп қаватли янги уйларнинг мавжуд коммунал тармоқларнинг имкониятларини ҳисобга олмай қурилаётганидан хавотир билдирди. Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Ғайрат Раҳимовга кўра, қувват етарли бўлмаса, тармоққа уланиш тақиқланади ва тегишли ташкилот техник хизмат кўрсатмайди.

Фото: Kun.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида янги қурилиш оқибатида канализация ва сув таъминоти тармоқлари юкламаси ортаётгани мавзуси муҳокама қилинди.

Депутат Сайёра Жумаева ҳовли ва маҳаллаларда кўп қаватли уйларнинг оммавий қурилиши Совет Иттифоқи даврида лойиҳалаштирилган коммунал инфратузилмага юкламани ҳаддан ташқари орттираётганидан хавотир билдирди.

«Бугунги кунда ҳовли ва маҳаллалардаги бўш турган майдонларда кўп қаватли турар жой бинолари фаол қурилмоқда. Лекин бу ҳудудлардаги сув таъминоти ва канализация тармоқларининг қуввати ўтган асрда лойиҳалаштирилган. Ҳозир бу тармоқларга сезиларли даражада кўп юклама тушиб кетмайдими? Қурилишга рухсат беришда мавжуд қувватлар ҳисобга олинадими?» деди депутат.

Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Ғайрат Раҳимов тармоққа юкламанинг ортиб кетиш хавфи борлигини тасдиқлади, шу билан бирга, «Ичимлик сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида»ги қонунда унинг олдини олиш механизмлари борлигини таъкидлаб ўтди.

«Қонунда аниқ кўрсатилган, агар тармоқларнинг сув таъминоти ва канализация қуввати етарли бўлмаса, сув таъминотини таъминловчи ташкилот техник хизмат кўрсатмайди ёки уланиш имкониятини яратилмайди. Ўтган йили тармоқ сиғими етарли эмаслиги сабабли улаш учун техник хизмат кўрсатишдан бош тортиш билан боғлиқ 350 га яқин ҳолат қайд этилган. Масалан, Чилонзор туманида 600 нафар истеъмолчига мўлжалланган тармоққа уланиши керак бўлган кўп қаватли турар жой биносини лойиҳалаш жараёнида канализация қуввати уланишга имкон бермаётгани маълум бўлди ва рухсат берилмади”, деди Ғайрат Раҳимов. 

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид