Жаҳон | 16:01 / 15.10.2025
4565
4 дақиқада ўқилади

«Агар Ҳамас қуролларини топширмаса, биз ундан маҳрум қиламиз» – Трамп

АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳамаснинг сулҳдан кейинги қуролсизланиш жараёни «маълум муддат ичида» амалга ошишини билдирди. Шунингдек, Трамп «Ҳамас секторда тинчликни сақлаш учун бир қанча жиноятчиларни ўлдиргани ва бу муаммо эмаслиги»ни айтди.

Фото: CNN

АҚШ президенти Доналд Трамп 14 октябр куни журналистлар билан учрашувда Ғазодаги урушни тугатишга қаратилган тинчлик битими имзолангач, Ҳамас қуролларини топширишга мажбур бўлишини маълум қилди.

«Агар улар қуролларини топширмаса, биз уларни қуролдан маҳрум қиламиз — бу тез ва эҳтимол зўравон тарзда амалга ошади. Лекин улар қуролларини топширади, тушундингизми?» дея Трампнинг сўзларини келтирмоқда The Gurdian.

Шунинг у бу жараён «оқилона муддат ичида» бўлиши кераклигини таъкидлади.

Бу ҳафта Ғазода Трамп воситачилигида ўрнатилган ўт очишни тўхтатиш кучга кирди. Шу билан бирга, энг катта саволлардан бири – Ҳамасни қуролсизлантириш ва Ғазони тарк этишига доир аниқ режанинг йўқлиги бўлиб турибди.

Трампнинг аввалги баёнотлари гуруҳнинг Ғазода чекланган рол ўйнашда давом этиши мумкинлигидан дарак берган эди. Хусусан, ҳафта бошидаги Ғазодаги алмашинувлар вақтида Ҳамас аскарлари секторда хавфсизликни таъминлашни бошлади. Трампнинг ўзи ҳам гуруҳ қисқа муддатда «тартибни сақлашда чекланган рол» ўйнашини тан олганди. Унинг айтишича, Ғазони қайта тиклаш хавфли ва мураккаб бўлади, шу боис АҚШ бу жараёнда жойлардаги кучлар билан ҳамкорлик қилиши зарур.

Фото: Reuters

Сешанба куни тарқалган видеода гуруҳ аъзолари кўзлари боғланган, қўллари орқадан боғланган саккиз нафар эркакни «Исроилга сотқинлиги ва жиноятлари» учун сифатида отиб ташлагани акс этган. Ҳамас манбалари Reutersʼга берган изоҳида «энди Ғазода тартибни бузувчиларга — хоинлар, қуролли талончилар ва гиёҳванд савдогарларига тоқат қилинмаслиги»ни айтди.

Доналд Трамп Ҳамас жиноий тўдаларга қарши кураш олиб боргани ҳақидаги иддаоларга ҳам тўхталиб ўтди.

«Дастлаб улар бир нечта жуда ёмон тўдаларни йўқ қилишлари керак эди. Улар буни қилди – кўп бандитларни ўлдирди. Ростини айтсам, бу мени унча ташвишлантирмайди. Бу муаммо эмас», - деди АҚШ президенти.

АҚШ–Ҳамас музокаралари

Шу орада Оқ уй элчилари билан Ҳамас музокарачилари ўртасида тарихдаги энг юқори даражадаги бевосита учрашув бўлиб ўтганини кўрсатувчи маълумотлар пайдо бўлди.

Бу изоҳлар ўтган ҳафта АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф ва Трампнинг куёви Жаред Кушнернинг юқори мартабали Ҳамас етакчилари билан учрашувидан сўнг янгради. Кушнер Ҳамас битимни имзоласа, Трамп Исроилни урушни қайта бошлашдан тийишини шахсан кафолатлаган.

Фото: AFP

Бу учрашув Оқ уй билан Ҳамас ўртасидаги биринчи тўғридан тўғри мулоқот бўлган. Аввалроқ, март ойида АҚШнинг гаровдагилар бўйича элчиси Адам Боеҳлер гуруҳ раҳбарлари билан Доҳада учрашганди.

Axios манбасига кўра, ўтган ҳафтадаги 45 дақиқалик учрашувда Стив Уиткофф Ҳамас бош музокарачиси Халил ал-Ҳайя ва бошқа вакилларига:

«Гаровдагилар сиз учун актив эмас, балки юк. Энди гаров алмашинувини амалга ошириш вақти келди. Президент Трампнинг позицияси шуки, сизга адолатли муносабатда бўлинади. У ўзининг 20 банддан иборат тинчлик режасини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва уларнинг барчаси амалга оширилишига шахсан кафолат беради», - деган Уиткофф.

Axiosʼнинг ёзишича, бу бевосита учрашув битимни имзолашда ҳал қилувчи рол ўйнаган. Миср, Туркия ва Қатар разведка раҳбарлари Ҳамас билан алоҳида мулоқот ўтказиб, сўнгра Уиткофф ва Кушнерга «Биз ҳозиргина улар билан учрашдик — битим тайёр», деган.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид