Жаҳон | 18:03 / 15.10.2025
2543
2 дақиқада ўқилади

Россиядаги мигрантлар гепатит В ва С бўйича текширилади

2026 йил 1 мартдан бошлаб мигрантларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби ўзгаради.

Фото: РИА Новости

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2026 йил 1 мартдан бошлаб мигрантларни ўткир гепатитлар, шунингдек, сурункали вирусли гепатит B ва C бўйича текширишни жорий қилмоқчи.

«Ведомости» нашрининг ёзишича, бу Россияга меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида кириб келаётган барча чет элликлар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва қочқин сифатида тан олиш ёки Россиядан вақтинчалик бошпана сўраш учун ариза берганларга тааллуқли бўлади.

Тиббий кўрикдан ўтказиш тартибига тегишли ўзгартиришлар лойиҳаси аллақачон федерал норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталига жойлаштирилган. Тушунтириш хатида айтилишича, ўзгартиришлар «тиббий кўрикдан ўтказишнинг ташкилий асослари ва тартибини такомиллаштириш» учун зарур.

Мигрантлар учун тиббий гувоҳнома Россияда ишлаш учун рухсатнома, вақтинча яшаш учун рухсатнома ва яшаш гувоҳномасини олиш учун талаб қилинади. Бу Россиядаги чет элликларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисидаги қонунда белгиланган.

Ҳозир мигрантлар организмида гиёҳванд моддалар ва атрофдагилар учун хавфли бўлган касалликлар бор-йўқлиги текширилади. Буларга ОИВ, сил, захм, мохов касалликлари киради.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид