Ўзбекистон | 11:12 / 16.10.2025
5687
2 дақиқада ўқилади

Андижонда табиатга 31 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилгани маълум бўлди

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Давлат экологик назорат инспекцияси томонидан Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги «Ш.Б.Ф» МЧЖ фаолияти ўрганилди.

Фото: Экология вазирлиги

Текшириш давомида корхона бугунги кунгача «Экологик оқибатлар баёноти» лойиҳасини ишлаб чиқмасдан ва давлат экологик экспертизаси ижобий хулосасини олмасдан фаолият юритаётгани аниқланди. Қолаверса, корхонага ажратилган кон чегараси ташқарисидаги белгиланмаган майдондан тупроқ фойдали қазилмаси ноқонуний қазиб олингани ва натижада табиатга 31 миллиард 921 миллион 145 минг 350 сўм зарар етказилгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, корхона ҳудудини ҳамда унга туташ ҳудудларни «Яшил макон» ва «Яшил белбоғ» дастурлари доирасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш, завод атрофида кенгбаргли дарахт турларини экиш орқали чангни ушлаб қолиш ва ҳудуднинг камида 25 фоиз қисмини кўкаламзорлаштириш талаблари белгиланган. Бироқ корхона томонидан бу талаблар бажарилмаган.

Шу билан бирга, текшириш давомида корхона томонидан 2024 йил ҳамда 2025 йилнинг дастлабки 8 ойи давомида белгиланган жойларга чиқиндилар ташланмагани, аксинча, атроф-муҳит ифлослантириб келинганлиги аниқланди. Натижада Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон ҳудудида атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг иқтисодий механизмларини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан, 7 миллиард 769 миллион 802 минг 711 сўм миқдорида компенсация тўлови ҳисобланди.

Юқоридаги ҳолатлар натижасида «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 48-моддаси, «Ер қаъри тўғрисидаги» қонуннинг 18-моддаси, «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддаси ҳамда «Экологик экспертиза тўғрисида»ги қонуннинг 11- ва 13-моддалари талаблари бузилган.

Аниқланган ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда тегишли чора кўриш мақсадида Бош прокуратурага юборилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид