Таълим | 14:47 / 16.10.2025
2766
3 дақиқада ўқилади

Қайси омиллар ўсмирларнинг китоб ўқишига ижобий таъсир қилади?

Ўзбекистоннинг 4 вилоятида ўсмир ёшларнинг китоб ўқишга бўлган муносабатини ўрганиш мақсадида тадқиқот ўтказилди. Китоб ўқишга тўсқинлик қилувчи асосий омиллар сифатида технологиялар таъсири (47,3 фоиз), ота-оналарнинг эътиборсизлиги (35 фоиз), ўқишга мотивациянинг пастлиги (21,3 фоиз), қизиқарли китобларнинг етишмаслиги (10,7 фоиз), кутубхоналарнинг қулай эмаслиги ва тенгдошларнинг таъсири (16,8 фоиз) кабилар келтирилган.

Фото: Shutterstock

«Оила ва гендер» илмий-тадқиқот институти томонидан «Оилавий қадриятлар трансформацияси шароитида ўсмир ёшларнинг китобхонлик маданиятини ривожлантириш» мавзусида тадқиқот ўтказилди.

Ота-оналар фарзандлари билан бирга китоб ўқишига тўсқинлик қилувчи асосий омиллар сифатида қуйидагиларни келтирган:

·       ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга чалғиб қолиш (28,1 фоиз);

·       уй юмушларининг кўплиги (23,3 фоиз); 

·       ишхонадаги ишлар (22,3 фоиз);

·       телевизор томоша қилиш (14 фоиз);

·       уйдаги баъзи бир муаммоларнинг кўплиги (12,3 фоиз).

Экспертлар (ўқитувчи, кутубхоначи, мактаб етакчиси) фикрига кўра, ўсмирларнинг китоб ўқишига тўсқинлик қилувчи асосий омиллар: технологиялар таъсири (47,3 фоиз), ота-оналарнинг эътиборсизлиги (35 фоиз), ўқишга мотивациянинг пастлиги (21,3 фоиз), қизиқарли китобларнинг етишмаслиги (10,7 фоиз), кутубхоналарнинг қулай эмаслиги ва тенгдошларнинг таъсири (16,8 фоиз).

Ўз навбатида ўсмирларнинг китоб ўқишига энг кучли таъсир этувчи омиллар сифатида ота-оналарнинг китоб ўқишга муносабати (17,4 фоиз), китоб ўқиганлик учун мукофот олиш (16,5 фоиз) китобнинг ўсмир қизиқишларига мос келиши (13,9 фоиз) тенгдошларнинг китобхонликка қизиқиши (13,9 фоиз) ижтимоий тармоқларда китоблар ҳақида фикр алмашиш ва муҳокама қилиш (10,4 фоиз) келтирилган.

Ота-оналарнинг фарзандларига китоб харид қилиш даражасига кўра: 38 фоиз йилига 2-3 марта, 19,5 фоиз ҳар ой, 18,1 фоиз фақат туғилган кун ёки байрамларда, 10 фоиз ойда 2-3 марта, 7,2 фоиз ҳар ҳафта бир марта китоб сотиб олади. Шунингдек, 4,8 фоиз ота-оналар китоб сотиб олмаслигини билдирган.

Ўсмирларнинг бўш вақтини қандай ўтказиши ўрганилганда, 21 фоиз китоб ўқиш, 19,1 фоиз спорт билан шуғулланиш ва 12,1 фоиз ижодий фаолият билан банд бўлишини маълум қилган. Шу билан бирга, 16,2 фоиз ижтимоий тармоқларни кузатиш, 14 фоиз телевизор томоша қилиш ва 17,6 фоиз дўстлари билан вақт ўтказиш каби пассив фаолиятга мойил экани аниқланган.

Ўсмир ёшлардан қайси турдаги китобларни ўқиш қулайлиги сўралганда, 41,7 фоиз ёшлар босма китобларни, 25 фоиз электрон китобларни, респондентларнинг 33,3 фоизи эса китобнинг форматига (босма ёки электрон) аҳамият бермаслигини, улар учун асосий мезон китобнинг мазмуни ва ўқиш жараёнининг сифатлилигини айтган.

Тадқиқот Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида ўтказилган. Унда жами 533 нафар ўсмир, 272 нафар ота-она ва 29 нафар эксперт иштирок этган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид