Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Саудия Арабистони «Иброҳим келишувлари»га қўшилишига умид қиламан» — Трамп
АҚШ президенти Исроил билан дипломатик муносабатларни нормаллаштириш назарда тутилган «Иброҳим келишувлари» яқин орада кенгайишини айтди. «Саудия Арабистони қўшилса, бошқалар ҳам қўшилади», деди Доналд Трамп. Саудия Арабистони олдинроқ «Фаластин давлатчилиги тан олинмагунча Исроилни тан олмаслигини» билдирганди.
Фото: APA
АҚШ президенти Доналд Трамп «Иброҳим келишувлари» яқин орада кенгайишини айтди. У Исроил билан дипломатик муносабатларни нормаллаштириш назарда тутилган ушбу келишувга Саудия Арабистони ҳам қўшилишига умид билдирди.
«Мен Саудия Арабистонининг қўшилишини кўришни умид қиламан. Бошқалар ҳам қўшилишини истайман. Менимча, Саудия Арабистони келишувга кирса, барча [араб давлатлари] ҳам киради,» — деди Трамп 17 октябрь куни Fox Business Network телеканалида эфирга узатилган интервьюсида.
АҚШ президенти бу битимни «мўъжиза» ва «ажойиб» деб атади ҳамда БААнинг уни имзолашини олқишлади.
«Бу Яқин Шарқда узоқ муддатли тинчликни таъминлашга ёрдам беради,» — деди Трамп.
Трамп айтишича, у чоршанба кунигача битимга қўшилиш истагини билдирган давлатлар билан «жуда яхши суҳбатлар» ўтказган.
Иброҳим келишувлари (Abraham Accords) бу – Доналд Трампнинг биринчи президентлик даврида Исроил билан 4 та мусулмон давлатлари ўртасида дипломатик муносабатларни нормаллаштириш бўйича имзоланган келишувлар мажмуасидир.
У 2020 йил августда БАА, кейинроқ, шу йилнинг ўзида Баҳрайн, Судан ва Марокаш билан имзоланган. Келишувларнинг асосий мақсади Исроил ва араб/мусулмон давлатлари ўртасида расмий дипломатик алоқалар ўрнатиш, элчихоналар очиш ва АҚШ воситачилигида минтақавий ҳамкорлик, барқарорликка эришиш бўлган.
Сўнгги йилларда Ғазода Исроил олиб борган геноцид кўринишидаги уруш натижасида араб дунёсидаги бошқа давлатларни «Иброҳим келишувлари»га жалб этиш қийинлашди. Хусусан, Саудия Арабистони бир неча бор «у Фаластин давлатчилиги тан олинмагунча Исроилни тан олмаслигини» билдирган.
Жорий йил август ойида Reuters нашри Трамп маъмурияти Озарбойжон ва айрим Марказий Осиё давлатларини ҳам «Иброҳим келишувлари»га қўшиш имкониятини муҳокама қилаётганини ёзган эди. Аслида Озарбойжон ҳамда Марказий Осиё 5 давлати аллақачон Исроил билан дипломатик муносабатларга эга.
Нашр манбасига кўра, уларнинг келишувларга қўшилиши асосан рамзий аҳамиятга эга бўлиб, савдо ва ҳарбий ҳамкорлик каби соҳаларда алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилади. Кейинроқ, бу масала Оқ уйнинг халқаро кун тартибида тилга олинмади.
Мавзуга оид
09:21
Кушнер – тинчлик бўйича музокарачи: Украинани нима кутмоқда?
08:46
Трампга ФИФАнинг янги тинчлик мукофоти топширилди
08:52 / 04.12.2025
Трамп: Путин келишув тузишни ва «нормал ҳаётга қайтишни» истаяпти
15:57 / 03.12.2025