Доналд Трамп Оқ уйда Нетаняҳу, Баҳрайн ва БАА ташқи ишлар вазирлари билан. 2020 йил 15 сентябрь. Фото: Оқ уй

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Озарбойжон ва айрим Марказий Осиё давлатларини Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган «Иброҳим келишувлари»га қўшиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Reuters нашри вазиятдан хабардор бўлган ўзининг беш нафар манбасига таяниб маълум қилди. Мақсад – ушбу мамлакатларнинг Исроил билан мавжуд алоқаларини чуқурлаштириш.

Аслида Озарбойжон ҳамда Марказий Осиё 5 давлати аллақачон Исроил билан дипломатик муносабатларга эга. Манбага кўра, шу боис уларнинг келишувларга қўшилиши асосан рамзий аҳамиятга эга бўлиб, савдо ва ҳарбий ҳамкорлик каби соҳаларда алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилади. Таъкидланишича, янги келишувлар илгари имзоланган «Иброҳим келишувлари»га ўзгартириш киритмайди.

Ғазода Исроил олиб бораётган геноцид кўринишидаги уруш, ўн минглаб қурбонлар ва очарчилик бугун араб дунёсидаги ғазабни кучайтирди. Натижада араб дунёсидаги бошқа мусулмон давлатларини «Иброҳим келишувлари»га жалб этиш қийинлашди. Хусусан, Саудия бир неча бор «у Фаластин давлатчилиги тан олинмагунча Исроилни тан олмаслигини» билдирди.

Озарбойжон масаласи

Трамп маъмурияти учун муҳим тўсиқ – бу Озарбойжон ва унинг қўшниси Арманистон ўртасидаги можаролар, деди нашрнинг манбаси. Уларнинг таъкидлашича, АҚШ учун Озарбойжоннинг келишувларга қўшилиши учун Арманистон билан тинчлик шартномаси имзоланиши шарт.

Гарчи Трамп маъмурияти бир неча давлатларни бу келишувларга киритиш эҳтимолини очиқ айтган бўлса-да, айнан Озарбойжон билан музокаралар энг жиддий ва тартибли тарзда олиб борилмоқда. Reuters нашрига кўра, бундай келишув ҳатто бир неча ҳафта ёки ой ичида имзоланиши мумкин.

 Фото: Стив Уиткофф / Фото: AP

Трампнинг тинчлик бўйича махсус вакили Стив Уиткофф ва унинг ёрдамчиси Аре Лайтстон шу йилда Озарбойжонга ташриф буюриб, президент Илҳом Алиев билан учрашган. Иккита алоҳида учрашувда улар, хусусан «Иброҳим келишувлари»ни муҳокама қилган.